Тошкент вақти билан 26 июн тонгида ўзбекистонлик боксчи Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги 11-жангини ўтказди.

Иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида WBA ва IBF камарлари соҳиби ҳисобланган Аҳмадалиев (11-0, 8 КО) Американинг Техас штатида Matchroom томонидан ташкил этилган турнирда америкалик Ронни Риосга (33-4-0, 16 КО) қарши рингга кўтарилди. 

Жанг ўзбекистонлик боксчининг устунлиги остида ўтди. 12-раунд давомида ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасининг аввалига рақибнинг тана қисмига, кейинчалик бош қисмига берган кучли зарбаларидан сўнг рақиб полга қулади, аммо жангни давом эттирди. Муроджон эса ҳужумни тўхтатмасдан олдинга борди ва унинг навбатдаги кетма-кет зарбаларидан сўнг рефери жангни тўхтатиб, техник нокаут қайд этди.

Муроджон чемпионлик камарларини 3-бор ҳимоя қилишга муваффақ бўлди, бу ҳимоя жангларининг иккитасида рақиб муддатидан олдин мағлуб этилд.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадалиев охирги жангини 2021 йилнинг 19 ноябр куни Хосе Веласкесга қарши ўтказиб, очколар ҳисобида устун келганди.