09:17 / 26.06.2022
3756

Хоразмда «Китобхонлик фестивали» ғолиблари аниқланди

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика болалар кутубхонаси томонидан ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида республика бўйлаб «Китобхонлик фестивали» ўтказилди.

Фото: Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси

Хоразм вилоятида ўтказилган фестивалда Республика болалар кутубхонаси ҳамда вилоят Болалар кутубхоналари масъуллари, Халқ таълими бошқармаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси, қатор ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва 500 нафардан ошиқ китобсевар ўқувчилар иштирок этдилар.

Тадбир доирасида китоблар ярмаркаси, маънавий-маърифий кеча, teaтр томошалари ташкил этилди. Шунингдек, танлов ва тадбирларда фаол қатнашган иштирокчилар Хоразм вилояти халқ таълим бошқармаси ва Республика болалар кутубхонаси томонидан муносиб тақдирландилар.

«Энг яхши китобхон ўқувчи» кўрик-танловида Хива тумани, 1-сон мактабининг 7-синф ўқувчиси Матназарова Асалой ғалаба қозонди. 

«Мен севган адабий қаҳрамон» иншолар танловида Урганч шаҳри, 29-сон мактаби 9-синф ўқувчиси Отабоева Гавҳаржон ғолиб бўлди.

Фото: Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси

Вилоят болалар кутубхонаси томонидан оромгоҳ тарбияланувчиларининг ёзги таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида «Кун ғолиби» савол-жавоб викторинаси ўтказилди. Унда Шовот тумани, 18-сон мактабининг  10-синф ўқувчиси Рўзимбоева Машҳура ғолиб бўлди.

«Мен эшитган эртаклар» Республика онлайн танловида Шовот тумани, 15- сон мактабининг 6-синф ўқувчиси Комилова Гулнора ғолибликни қўлга киритди.

Маҳаллаларда китоб мутолаасига бўлган қизиқиш ва эътиборни янада ошириш мақсадида ўтказилган «Энг фаол китобхон маҳалла раиси» онлайн танловида Урганч шаҳридаги «Ҳамжиҳатлик» фуқаролар йиғини раиси Ражапов Эркин ғолиб деб топилди. 

«Йилнинг энг яхши мактаб кутубхоначиси» танловида 1-ўринни Гурлан тумани, 30-сон мактабининг кутубхоначиси Худойберганова Сурайё қўлга киритди.

«Дилларда Ватан мадҳи» видеорликлар танловида Шовот тумани, 28-сон мактабининг 2-синф ўқувчиси Саъдуллаева Умида, «Мен севиб ўқиган китоб» танловида Гурлан тумани, 4-сон мактабининг 5-синф ўқувчиси Азатова Азиза, «Огаҳий шеърияти шайдосиман» танловида Хива шаҳри, 17-сон мактабининг 9-синф ўқувчиси Омонгалдиев Нуриддин ғолиб бўлди.

Фото: Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси

«Таътилда - китоб билан» шиори остида «Китобхонлар лигаси» республика кўрик-танловининг вилоят босқичида 1-ўринни Гурлан туманининг «Believer» жамоаси қўлга киритди. Ғолиб жамоа танловнинг республика босқичида иштирок этади.

Top