Ўзбекистон | 14:50 / 30.06.2022
28475
2 дақиқада ўқилади

Навоийда Ўзбекистондаги энг йирик нефть ва битум кони топилди 

“Sanoat Energetika Guruhi” ва “Kontiki-Exploration” компанияси томонидан Ўзбекистондаги энг йирик нефть ва битум кони топилди. 

Фото: AP

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, “Sanoat Energetika Guruhi” (SEG) “Kontiki-Exploration” компанияси билан биргаликда Навоий вилояти Зарафшон тубсизлигида Ўзбекистондаги энг йирик ўта ёпишқоқ нефть ва битум – “Янги Ўзбекистон” конини топди. Кон Марказий Осиёдаги энг юқори технологияли конлардан бирига айланади.  

“Янги Ўзбекистон” кони битумли нефть захиралари тахминан 100 миллион тоннага баҳоланмоқда. Битумли нефть қазиб олиш максимал йиллик даражаси 2025 йилга бориб 1 миллион тоннани ташкил этади. Битумли нефть қазиб олиш даражасини таъминлаш учун йилига 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган. Кейинги 12 йилда конни ўзлаштиришга 2,5 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилиши тахмин қилинмоқда.

Лойиҳани амалга оширишнинг бошланиши 2021 йил 15 майига тўғри келиб, бунда ушбу муддатда биринчи қидирув қудуғини бурғилаш бошланган. Бурғилаш ишлари Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида олиб борилмоқда, баҳолаш ва ўзлаштириш қудуқлари чуқурлиги 400 метрдан 750 метргача. Бурғилаш жараёнида “алб”, “сеноман” ва “турон” даврларига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси нефть, қўшимча ёпишқоқ мой ва битум билан тўйинган.

Юқори ёпишқоқлик туфайли кон нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасидаги энг юқори технологияли конлардан бирига айланади. SEG томонидан углеводородларни ишлаб чиқариш учун бир қатор халқаро нефть конлари хизматларини кўрсатувчи компаниялар лойиҳага жалб қилинган, дейилади хабарда.

Ҳозирда маҳсулдор қалинликларни аниқлаш ва битум ва нефть конларини аниқлаш бўйича қидирув, қазиб олиш усулини аниқлаш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид