17:51 / 07.07.2022
46927

Энди автомобилга ишончнома расмийлаштириш учун нотариусга бориш шарт бўлмайди

2022 йил 1 сентябрдан автотранспортни бошқариш учун ишончномалар my.gov.uz портали орқали электрон тарзда расмийлаштирилади. 6 ойгача муддатга бериладиган электрон ишончномалар учун давлат божи кескин камаяди. Юридик шахслар ҳайдовчиларининг ҳар 2 йилда мажбурий малака ошириши тартиби бекор қилинди.

Автомобил бошқаришда қўшимча қулайликлар яратишга оид президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my.gov.uz) электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади.

Электрон ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди ва у ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади.

Электрон ишончнома учун давлат божи ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божи (БҲМнинг 3 баравари – 900 минг сўм)га нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

  • бир ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз (90 минг сўм);
  • олти ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз (450 минг сўм);
  • уч йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз (900 минг сўм).

Юридик шахслар ҳайдовчиларининг 2 йилда 1 марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 сентябрдан фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди. Бунда мазкур шартномалар солиқ органларида электрон ҳисобга олинади.

Аввалроқ хабар қилинганидек, мазкур қарор билан 1 сентябрдан бошлаб таксичилар ўзини ўзи банд қилган шахслар тоифасига киритилди.

Top