Иқтисодиёт | 12:01 / 08.07.2022
14566
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун бюджетдан қанча пул ажратилгани маълум қилинди

Ўтган йилда таълим соҳасига бюджетдан 39,6 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига эса 23,3 трлн сўм ажратилган.

Фото: Kun.uz

Бугун, 8 июль куни Олий Мажлиси Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис доирасида Молия вазири Тимур Ишметов давлат бюджетининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 йил I чоракдаги ижроси тўғрисидаги маълумотларни ўқиб эшиттирди.

Қайд этилишича, 2021 йилда таълим соҳасига бюджетдан 39,6 трлн сўм ажратилган. Шундан, қарийб 8 трлн сўм мактабгача таълим соҳасига, 4,4 трлн сўм кадрлар тайёрлашга, 27, 2 трлн сўм эса умумий таълимга йўналтирилган. Хусусан, ётоқхоналар билан қамраб олинмаган 8 минг нафар талабалар ойлик ижарасининг 50 фоизини қоплаб беришга 6,2 млрд сўм ажратилган.

Ҳисобот даврида спорт соҳасига ажратилган маблағлар 1,5 трлн сўмни, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари эса 23,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўп бўлган. Шундан коронавирусга қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар учун 4,3 трлн сўм, пандемияга қарши жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларини қўшимча рағбатлантириш учун 1,4 трлн йўналтирилган.

Давлат бюджети даромадлари ҳажми 2021 йилда олдинги йилга нисбатан деярли 32 трлн сўмга ўсган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳам ижобий ўсиш суръатлари сақланиб қолган.

2022 йилнинг I чорагида давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 трлн сўмга кўпайган.

Мавзуга оид