Даунинг-стритдаги бош вазир қароргоҳи биноси олдида журналистлар қаршисига чиққан Жонсон ўз тарафдорлари ва Британия халқига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ҳамда «дунёдаги энг яхши иш»дан кетаётганидан ниҳоятда хафа эканини, «аммо шундай бўлиб қолгани»ни айтган.

У Украина халқига ҳам мурожаат қилиб, британ ҳукумати унинг истеъфосидан кейин ҳам Украинага ёрдам кўрсатишда давом этишини билдирган.

Партия етакчилиги учун кураш шу йил ёзда бўлиб ўтади ва янги бош вазир октябр ойида бўлиб ўтадиган партия конференциясида лавозимга киришиши мумкин бўлади.

Пайшанба куни консерваторлар партиясида ҳам, мухолифатчилар томонидан ҳам Жонсонни зудлик билан кетишга чақириқлар янгради. Улар мамлакат бошқарувини ҳукмрон партиянинг янги раҳбари сайлангунига қадар бош вазир ўринбосари Доминик Рааб ўз зиммасига олиши керак деб ҳисоблашди.

«Ўз нутқида Жонсон бизга ўзининг асосий ютуқлари ҳақида эслатди - брекситдан тортиб ковидга қарши вакцинация дастуригача», дея қайд этади BBC’нинг сиёсий корреспонденти Иен Уотсон.

Шунингдек, Жонсон истар-истамас кетаётгани, лекин ўз партиядошлари чақириқларига қулоқ солишини айтган. Жонсон уларнинг можароларга норозилик сифатида истеъфо беришини «эксцентрик» деб атаган, лекин ўз хатоларини тилга олмаган. У шунчаки ҳамкасбларини ўзини қўллаб-қувватлашда давом этишга кўндира олмагани учун афсусдалигини билдирган.

«Афсуски, менинг аргументларим натижа бермади ва мен энди жуда кўп ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошира олмаслигимдан ранжидим», дея қўшимча қилган Жонсон.

Ҳукумат инқирози

Британия ҳукуматида бош вазирга ишончсизлик билан боғлиқ жиддий инқироз бир неча ойдан буён ривожланиб, шу ҳафтада авжига чиқди.

Жонсоннинг кетиши унинг ҳукумати аъзолари томонидан кўрсатилган мисли кўрилмаган даражадаги босим натижаси бўлди. Сўнгги кунларда 50 дан ортиқ вазирлар ва вазирликларнинг юқори мартабали амалдорлари, шу жумладан Жонсоннинг айрим яқин тарафдорлари - молия вазири Риши Сунак ва соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам ўз лавозимини тарк этишди.

Ўз карьераси учун Борис Жонсондан миннатдор бўлса арзийдиган ички ишлар вазири Прити Пател ва транспорт вазири Грант Шаппс ҳам бош вазирни истеъфога чиқишга чақирган.