Ҳали барча салоҳиятли номзодлар ҳам ўз бош вазирлик амбициялари ҳақида эълон қилишмаган. Яқин ҳафталар ичида консерваторларнинг парламентдаги фракцияси бир неча раунддан иборат овоз бериш жараёнини ўтказишади - биринчи турда 18 тадан кам овоз олганлар, иккинчи турда 36 тадан кам овоз олганлар чиқиб кетади ва якунда асосий икки номзод қолади. Ва ёз мобайнида партия аъзолари бу икки номзоддан бирини янги етакчи сифатида сайлайди. Жараён сентябрга қадар якунланиши кутилмоқда ва ўшанда Бирлашган Қиролликда янги бош вазир пайдо бўлади.

Ҳозирча бундай сиёсатчиларнинг консерваторлар орасидаги машҳурлиги бўйича биргина ўлчов бор - YouGov агентлиги партиянинг 716 вакили ўртасида ўтказган сўров натижаларига кўра, амалдаги мудофаа вазири Бен Уоллес етакчилик қилмоқда, унинг ортидан кичик фарқ билан Пенни Мордонт бормоқда, етакчилар учлигини Риши Сунак якунлаб беради.

Бу одамлар кимлар? Қуйида улар ва бошқа эҳтимолий номзодлар ҳақида келтирилади.

Риши Сунак

Риши Сунак британ парламентига депутат бўлганига жуда кўп вақт бўлмаган - 2015 йил.

2019 йилга келиб у молия вазири лавозимини эгаллаган ва бу лавозимда шу йилнинг 5 июлига қадар ишлаган, ўшанда у ўз ҳамкасби, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ортидан истеъфо берган.

Уларнинг иккиси ҳам Борис Жонсоннинг сиёсатига қўшилмасликларини кескин оҳангда билдиришган.

«Жамоатчилик ҳақли равишда ҳукумат тўғри, мулоҳазали ва жиддий ишлашини кутмоқда. Бу менинг сўнгги вазирлик ишим бўлиши мумкинлигини тушунаман, аммо мен бу стандартлар  курашишга арзийди деб ҳисоблайман ва айнан шу туфайли истеъфо бераман», деганди ўшанда Сунак.

Ўз вақтида у консерваторларнинг бўлажак етакчиси сифатида порлоқ келажак кутаётганини тахмин қилишарди. Аммо сўнгги ойларда турмуш ўртоғининг солиқ билан боғлиқ муаммолари туфайли унинг обрўси анча тушиб кетди - унинг рафиқаси Акшату Мурти отасининг Ҳиндистондаги Infosys компаниясида улушга эга ва ўтган йили дивиденд сифатида 10 миллион фунт стерлингдан ортиқ маблағга эга бўлган ва нерезидент мақоми баҳонасида Британияда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланган.

Мурти «турмуш ўртоғини безовта қилмаслик» учун керак бўлган барчасини хазинага тўлашини эълон қилади, аммо кўп ўтмай 2020 йил июнида Даунинг-стритда уюштирилган туғилган кун базмида иштирок этиб, локдаун қоидаларини бузгани учун жарима тўлайди. Шу сабаб билан жаримага тортилганлар қаторида Борис Жонсон ҳам бор эди.