Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Улар саккиз киши қолди. Британияда бош вазирликка номзодлар рўйхати шаклланди
Буюк Британиядаги ҳукмрон Консерватив партияси мамлакатнинг янги бош вазири лавозими учун саккиз номзод, жумладан ташқи ишлар вазири Лиз Трасс, молия вазири Надим Заҳавий ва собиқ молия вазири Риши Сунак кураш олиб боришини маълум қилди.
«Комитет 1922» (Консерватив партиянинг бошқарувчи органи) раҳбари Грэм Брэдининг сўзларига кўра, ториларнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ўртасидаги овоз беришнинг биринчи раунди 13 июл куни ўтказилади, саккиз номзод сешанба куни кечқурун депутатлар қаршисида чиқиш қилиш имконига эга бўлади. Уларнинг ҳар бири 12 дақиқадан гапириши мумкин.
Биринчи раундда 30 тадан кам овоз олган номзодлар чиқиб кетади (агар шундайлар бўлса). Шундан кейин яна бир қанча раундлар ўтказилади, натижада етакчилик учун курашувчи асосий икки номзод қолади. Уларнинг номзоди Консерватив партиянинг барча аъзоларининг умумий овозига қўйилади (энди овоз бериш фақатгина парламент депутатлари ўртасида бўлмайди).
Ториларнинг янги раҳбарини аниқлаш бўйича сайловнинг якуний натижалари ва мамлакатнинг янги бош вазири номи 5 сентябр куни аниқ бўлади.
Букмекерлар маълумотига кўра, пойгада Риши Сунак ва Пенни Мордонт фаворитлик қилмоқда. Букмекерлар талқинига кўра, кучли бешликни Лиз Трасс, Том Тугендҳат ва Кеми Баденок тўлдиришган.
SMarkets букмекерлик идорасининг сиёсий таҳлилчиси Патрик Флиннга кўра, биринчи раунддан кейин Суэлла Брейвермен, Жереми Ҳант, Кеми Баденок ва Надим Заҳавий пойгадан чиқади, кейинги раундларда эса - Том Тугендҳат ва Лиз Трасс ютқазади. Унинг талқинига кўра, финалда Риши Сунак ва Пенни Мордонт курашиши мумкин.
Фото: ISABEL INFANTES/AFP
Айрим таҳлилчилар номзодлар сараланиши жуда қисқа вақт олишини тахмин қилаётган бўлса, Флинн икки финалчини аниқлаш учун беш тур ўтказишга тўғри келиши мумкинлигини айтмоқда.
7 июл куни Жонсон жинсий зўравонликда айбланган сиёсатчини парламентдаги муҳим лавозимга тайинлагани билан боғлиқ можаро ортидан Консерватив партия раҳбарлигидан истеъфога чиқишини эълон қилди. Парламентарийларни Жонсон бу депутат аввал ҳам шу каби ишларда айбланганини билгани, ички текширувда эса айбловлар асосли бўлгани ҳақида хулосага келинганига қарамай уни юқори лавозимга тайинлагани қаттиқ ғазаблантирган.
Жонсон аввалига бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтди, аммо кейин унга ҳодиса ҳақида шахсан ҳисобот берилганининг рад этиб бўлмас далиллари пайдо бўлди. Бош вазир узр сўрашига тўғри келди, кейин унинг кабинетидаги вазирлар ва бошқа мансаблардаги амалдорларнинг 50 дан ортиғи истеъфога чиқиб кетди.
Дастлаб Британия бош вазирлиги учун 10 дан ортиқ номзодлар кўрилаётганди. Кўп ўтмай сўровномаларда фаворит бўлиб турган мудофаа вазири Бен Уоллес пойгада қатнашмаслигини маълум қилди. Экспертлар фикрича, бу у кейинги сайловларда, тўлақонли бош вазирлик учун қатнашишга қарор қилганини англатади. Яна бир фаворит, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳам номзодини қайтариб олган. Шунингдек, транспорт вазири Грант Шаппс, партия раисининг собиқ ўринбосари Раҳмон Чиштий ва ички ишлар вазири Прити Пател ҳам курашдан чиқишини эълон қилди.
Буюк Британия ҳукумати раҳбарлиги учун номзодлар:
- Кеми Баденок. 2017 йилдан буён парламент депутати, Борис Жонсон ҳукуматида маҳаллий бошқарув, дин, аёллар ва тенгҳуқуқлилик ишлари бўйича вазир бўлган.
- Суэлла Брейвермен. 2020 йилдан буён Англия адлия вазири. Тереза Мэй ҳукуматида брексит билан шуғулланган, аммо бош вазирнинг якуний келишув бўйича лойиҳаси тақдим этилгач, истеъфо берган.
- Жереми Ҳант. 2005 йилдан буён парламентнинг қуйи палатаси аъзоси, 2010 йилда Ҳант маданият вазири сифатида Дэвид Кэмерон ҳукуматидан ўрин олган. Кэмерон ҳукуматида Ҳант соғлиқни сақлаш вазири ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ҳам ишлаган. 2019 йилда у торилар етакчисини сайлашда финалга қадар етиб борган ва Борис Жонсонга ютқазган. Ҳант - британ адмиралининг ўғлидир. У дастлабки катта маблағини олий ўқув юртларини қидиришга мўлжалланган Hotcourses сайтини яратиш орқали топган.
- Пенни Мордонт. 2019 йилда Пенни Мордонт Британия мудофаа вазири лавозимини эгаллаган тарихдаги илк аёл киши бўлганди. Бунгача Қироллик флоти захирадаги ҳарбийси бўлган Мордонт хоним Дэвид Кэмерон ҳукумати даврида қуролли кучлар ишлари бўйича вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.
- Риши Сунак. 2015 йилда парламент депутатига айланган, 2019 йилга келиб молия вазири этиб тайинланган. 2019 йилга келиб у молия вазири лавозимини эгаллаган ва бу лавозимда шу йилнинг 5 июлига қадар ишлаган, ўшанда у ўз ҳамкасби, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ортидан истеъфо берган. Уларнинг иккиси ҳам Борис Жонсоннинг сиёсатига қўшилмасликларини кескин оҳангда билдиришган.
- Лиз Трасс. Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Риши Сунак ва Сажид Жавид ўз лавозимларини тарк этиши ортидан Борис Жонсонни қўллаб-қувватлаб чиқди ва бу амалдаги ҳукумат тарафдорлари орасидаги мавқейини мустаҳкамлади. Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган иккинчи аёл бўлган Трасс хоним аллақачон ўз ҳисобига иккита кўзга кўринарли ҳаракатни ёзиб қўйган - Эрон қамоқхонасидан журналист Назанин Загари-Рэтклиффни озод қилиш ҳамда Россия ва унинг олигархларига қарши санкциялар қўллаш. У Украинадаги уруш туфайли Россия раҳбариятини кескин танқид қилиб келиши билан тилга тушган.
- Том Тугендҳат. Собиқ ҳарбий, Ироқ ва Афғонистонда хизмат қилган, уни анчадан буён консерваторлар партиясининг бўлғуси етакчиси сифатида кўришади. 2020 йилдан у Умум (жамоалар палатаси) палатанинг халқаро муносабатлар қўмитасини бошқармоқда. Тугендҳат Ғарбни - аниқроғи АҚШни - Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилгани учун танқид қилган, Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ҳақида ҳам кескин фикрлар билдирган.
- Надим Заҳавий. Ироқда туғилган, мамлакатда ҳокимиятга Саддам Ҳусайн келиши ортидан оиласи билан Британияга иммигрант сифатида келган. Заҳавий савдо мерчендайзи бўйича «Телепузики» бренди остидаги компанияга асос солади, кейинроқ YouGov социологик хизматини яратади, 2010 йилда эса Стратфорд-он-Эйвон округидан (бу жой Шекспирнинг ватани сифатида маълум) парламентга сайланади. Жонсон ҳукуматида соғлиқни сақлаш вазирининг вакцинация ишлари бўйича ўринбосари бўлган, шунингдек таълим вазири сифатида ишлаган. Сунак молия вазирлигидан истеъфога чиққач, Жонсон ҳукуматда бош вазирдан кейинги иккинчи энг юқори лавозим бўлган лавозимга Заҳавийни тайинлаганди, аммо икки кун ўтмай у бош вазирдан истеъфо талаб қилди.
Борис Жонсоннинг ўрнига ким келади? Эҳтимолий номзодлар рўйхати
Мавзуга оид
18:06 / 17.06.2026
Шавкат Мирзиёев лорд Стоквуд бошчилигидаги Британия делегациясини қабул қилди
10:30 / 16.06.2026
BBC ва FT: Стармер билан боғлиқ ёнғинлар ортида Россия изи бўлиши мумкин
23:06 / 15.06.2026
Британияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
19:31 / 14.06.2026