Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Кўксарой» қароргоҳида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовни кутиб олди.

Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов махсус шоҳсупага кўтарилдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради. 

Фахрий қоровул бўлинмаси бошлиғи рапорт бергач, давлат раҳбарлари қоровул сафи олдидан ўтиб, ўзбек ҳарбий хизматчиларини қутладилар ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига эҳтиром кўрсатдилар.  

Сўнг президентлар расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. 

Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказиш учун мўлжалланган залга ўтдилар.

Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

«Улар замирида азалдан мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ришталари ётади», - деди Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистон етакчиси Туркманистон президентини жорий йил март ойида ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклади.