Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мактаб директори лавозимига номзодларни тайёрлашда Япония тажрибаси йўлга қўйилади
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Япониянинг Цукуба университети ҳамкорлигида махсус лойиҳа амалга оширилиб, Ўзбекистонда мактаб директорларини сертификатлаш тизими Япония тажрибаси асосида йўлга қўйилади.
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб мактаб директорларини сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Эндиликда мактаб директорлигига номзодлар мазкур тизим орқали танлаб олинади. Шу муносабат билан А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти масъуллари ҳозирда Япония тажрибасини ўрганиб, махсус лойиҳани амалга оширишмоқда.
2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим, кўникмаларини баҳолаш ва баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиётини йўлга қўйиш, мактаб директори лавозимига номзодларни менежерлик сертификатини олиш учун Халқ таълими вазирлигининг A.Aвлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида махсус пулли дастурлар асосида жамоада ишлаш, ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитиш белгиланган.
Ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим, кўникмалари баҳоланиб, натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади.
Шу муносабат билан 11 июл куни А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Япониянинг Цукуба университети ўртасида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, Ўзбекистонда мактаб директорларининг миллий сертификатлаш модели яратилиб, унда Япония тажрибасидан фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 5 апрел куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мактаб директорларига нисбатан талаблар кескин кучайтирилишини таъкидлаган эди.