Хўш, Тошкентдаги Акфа университети мана шу талабларга қанчалик жавоб беради? Kun.uz таълим сифати ва бошқа жараёнлар ҳақида университет ректори Бекзод Жалилов ва муассасага хориждан келиб дарс бераётган қатор ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
— Бекзод ака, интервью аввалида Акфа университети ва нафақат Акфа балки Ўзбекистондаги энг ёш ректор сифатида шахсан сизни мана шу вазифага тайинланишингиз ҳақида сўрамоқчиман.
Сизнинг 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилганингиз, Вестминстер, ИНҲА каби университетлар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ишлаганингизни биламан. Айримлар эса сизни Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистоннинг энг йирик тадбиркорларидан бири Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳам қариндошлигингиз ҳақида айтишади.
Хўш, ўзингиз янги ва йирик бир хусусий университет ректорлигига келишингиз жараёнларини қандай эслайсиз?

— 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев “Aкфа medline” тиббиёт марказига ташриф буюрганида у кишига шу тиббиёт маркази ҳузурида университет очиш бўйича маслаҳат берилган эди. Шундан кейин янги хусусий университет ташкил этиш бўйича президент қарори қабул қилинди.
Ўша пайтларда таълим тизимидаги устозим Козимжон Ҳасанов Akfa group’нинг таълим йўналишида ишлаб келарди. Устозимдан мана шу университет лойиҳа раҳбари сифатида кимни қўйиш мумкинлиги ҳақида сўрашган. 2011 йилда ўқишни битиргач, айнан таълим соҳасидаги қатор вазифаларда ишлаб келаётганим сабабли устозим бу вазифага мени тавсия қилган.
Ўша вақтда мен “Akfa medline” клиникасининг раҳбари Камола Мирзалиеванинг суҳбатидан ҳам ўтганман. Мана шу суҳбат давомида менга “лойиҳани охиригача етказадиган бўлсангизгина унга раҳбарлик қиласиз ва кейинчалик лойиҳа асосида ташкил этилган университетнинг ректори бўласиз”, – деб шарт қўйишган. Шу билан 2019 йил университетнинг ташкил этилиши бўйича ҳукуматнинг тегишли қарори чиққач, олдимдаги вазифаларни яхши бажарганим учун таъсисчи томонидан ректорликка тайинланганман.
— Саволнинг биринчи қисмида бекорга Тошкент шаҳар ҳокимини ҳам тилга олмадим, бу лавозимга ўтиришингизда Ортиқхўжаевнинг ҳам ўрни борми?
— Очиқ айтадиган бўлсак, Akfa group’нинг 40 мингдан ортиқ ишчилари ва жуда кўплаб корхоналари мавжуд. Менинг университетга ректор бўлиб тайинланишимда Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўғридан тўғри қатнашмаган. Чунки шахсан у кишининг суҳбатидан ўтмаганман. Бу жараёнда бевосита “Akfa medline” раҳбарияти қатнашган, улар билан суҳбат қилганман ва улар мени тайинлашган.















