Июнь ойида Тошкент шаҳри ҳокимлигига қарашли қарийб 30 гектар ерни доимий фойдаланиш учун «Акфа» хусусий университетига бериш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгач, танқидларга сабаб бўлган эди. Университет матбуот хизмати бу масалада баёнот билан чиқди.

Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралда қабул қилинган «Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида»ги 130-сонли қарорига асосан, университетга Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур тиббиёт коллежининг бино ва иншоотларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

«Университет раҳбариятининг таъсисчилар билан биргаликдаги таҳлил ва ҳисоб-китоблардан сўнг, тақдим этилган коллеж биноси ўқув хоналари ва лабораторияларни жойлаштира олмайди деган хулосага келинди. Шу билан бирга, одатда тиббиёт университетлари қошида талабалар амалиёт ўтадиган ва ўз амалий билимларини оширадиган клиникалар мавжуд бўлади.

Шу муносабат билан коллеж биноси давлатга қайтарилди. Ҳозирда коллежнинг бино ва иншоотлари бошқа давлат ташкилоти балансига ўтказилган.

Қарор лойиҳасида университетга Тошкент вилоятида қарийб 29 гектар (29,48 гектар – таҳр.) ер участкаси тақдим этилиши кўзда тутилган. Бу ерда университет кампуси ва 600 ўринли замонавий клиниканинг қурилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатда халқаро университетлар ташкил этилганда, ҳукумат университетларнинг кампусларини ташкил этиш учун ер участкалари, бинолар ёки иншоотларни бепул ажратган. Aкфа университетига ер участкасининг берилиши ушбу амалиётга мос келади.

Шу билан бирга, университет таъсисчиси бўлган «Akfa Medline» МЧЖ университет кампуси ва клиникасини қуриш учун камида 58 миллион АҚШ доллари ажратишни режалаштирмоқда. Aгар университет клиникаси жиҳозларининг доимий равишда янгиланиб турилишини ҳам ҳисобга олсак, инвестициялар ҳажмининг янада кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Имтиёзлар билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Биринчидан, 130-сонли ВМҚга мувофиқ, университетга тақдим этилаётган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Хусусий соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2863-сонли қарори ҳамда раҳбарият ва мамлакат Ҳукуматининг бошқа қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бошқа университетларга солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш бўйича илгари берилган имтиёзларни такрорлайди.