Ўзбекистон | 11:28 / 18.07.2022
14069
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда касб-ҳунар мактаби директори ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчига тарсаки туширди

Касб-ҳунар мактаби директори ва ўқитувчиси ўртасидаги келишмовчиликка нима сабаб бўлгани келтирилмаган.

Видеодан кадр

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 15 июль куни соат 11:00 лар атрофида Нишон туман 2-сонли касб-ҳунар мактабида мактаб директори ва ўқитувчи ўзаро тортишиб қолиши оқибатида келишмовчилик юзага келган. Жанжал давомида директор ўқитувчига тарсаки туширган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Нишон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нишон тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, туман ҳокими ўринбосари С.Худойқулов бошчилигида ишчи гуруҳ ҳодисани ўрганган.

Қайд этилишича, касб-ҳунар мактаби директори ва ўқитувчи ўзаро келишиб, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай гина-кудуратни сақлаб қолмаган ҳамда келажакда дўстона руҳда биргаликда ишлашга қўл ташлашган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид