Ўзбекистон | 07:16 / 20.07.2022
9082
2 дақиқада ўқилади

40 га яқин компания IT Park резиденти мақомидан маҳрум этилди

Фото: УзА

Дирекция олдидаги мажбуриятни бажармагани учун 40 га яқин компания IT Park резиденти мақомидан маҳрум этилди.

Резидентлар ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 589-сон қарори талаблари асосида амалга ошириши ҳамда IT Park резиденти фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ ўз мажбуриятларини бажариши шарт.

IT Park резидентлари мажбуриятларига қуйидагилар киради:

  • фақат рўйхатдаги фаолият турларига асосланган бизнес-режада кўрсатиб ўтилган фаолият турларини амалга ошириш;
  • ҳар чоракда IT Park дирекциясига ўз фаолияти тўғрисида маълумот тақдим этиш;
  • ҳар йили молиявий-хўжалик фаолияти аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини IT Park дирекциясига юбориш;
  • резидент IT Park дирекцияси билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.

Низом талабларини бажармаган резидентлар IT Park резиденти мақомидан маҳрум этилади, солиқ имтиёзлари эса бекор қилиниб белгиланган тартибда давлат бюджетига тўлаш мажбуриятлари тикланади. 

Бундан ташқари, 79 компаниянинг аудиторлик хулосаси низом талабларига мувофиқ бўлмагани сабабли хулосани қайта кўриб чиқиш бўйича ҳамда аудиторлик хулосаси белгиланган шаклга мувофиқ тақдим этилмаса IT Park резиденти мақомидан маҳрум этиш бўйича хабарнома юборилди.

IT Park резиденти мақоми маълум афзалликларни беради. Резидент компаниялар 2028 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, ижтимоий солиқни тўлашдан озод этилган. Иш ҳақи даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 7,5 фоиз миқдоридаги ягона ставка бўйича солиққа тортилади.

Мавзуга оид