Ўзбекистонда автомобиллар анча камлигига қарамай, автоҳалокатлар ва улардаги ўлимлар сонининг ҳаддан ташқари кўплиги узоқ йиллардан бери оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда.
Ўтган йили республикада инсон жароҳатланиши билан боғлиқ ЙТҲлар сони уч йиллик танаффусдан кейин яна 10 мингдан ошди, ҳалок бўлганлар сони яна 2,5 мингга яқинлашди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 784 киши автоҳалокат қурбони бўлган, бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 127 тага ёки 14 фоизга кам. Жароҳатланганлар сони 2842 нафардан 2775 нафарга тушган. Бундай ноодатий ва кескин ижобий ўзгаришнинг сабаблари борасида ҳозирча изоҳ берилгани йўқ; эслатиб ўтамиз, феврал ойида президент йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласида селектор ўтказган эди (бу ҳақда қуйироқда).
Ҳалокатли ЙТҲларнинг 54 фоизи субъектив омиллар ҳисобига рўй берган бўлса (23 фоиз ҳолатда тезликни ошириш сабаб бўлган), 46 фоиз авариялар йўл инфратузилмаси билан боғлиқ. Яъни жароҳатланишга олиб келаётган ҳар иккита ЙТҲдан биттаси ҳайдовчи ва пиёдага боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга эга.

Жаҳон банки маълумотига кўра, 2010 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 11,3 нафар ЙТҲ қурбони тўғри келган ва мамлакатнинг бу борадаги натижаси Озарбойжон (11,4), Латвия (11,8), Литва (12,1), Молдова (13,2), Украина (15,4) ва Беларус (21,9)дагидан яхшироқ бўлган. Лекин кейинги 10 йилда вазият ўзгариб, Ўзбекистон йўллардаги ўлимлар сони бўйича бу 6 та давлатнинг барчасидан илгарилаб кетди.











