10-18 июл кунлари Арманистон пойтахти Ереванда 33-Халқаро биология олимпиадаси бўлиб ўтди. Дунёнинг 64 давлатидан қатнашган 256 нафар ёшлар орасидан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Тошкент педиатрия институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Азиза Абдувалиева бронза медалини қўлга киритди.

Азиза ўтган йили 32-Халқаро биология олимпиадасида олтин медални қўлга киритганди. Жиззахлик ёш биолог қиз Kun.uz'га берган интервюсида халқаро тоифадаги нуфузли олимпиадага тайёргарликдан тортиб, медални қўлга олгунгача бўлган воқеалар, жараёнлар, ҳиссиётлари билан бўлишди.

“Тарихчи бўлиб кетишим ҳам мумкин эди”

— Оиламизда дадам аниқ, ойим эса табиий фанларга қизиқади. Ҳар сафар ойимнинг ишхонаси, поликлиникага борганимизда беморлар қандай тузалиб, минатдорлик билдириб, чиройли дуо қилишларини кўриб, жуда хурсанд бўламиз. Шунда мендан қайси касбни танлашимни сўрашганида, мен ойимга ўхшаб шифокор бўлишимни айтардим.

Кейинчалик, 5-синф вақтларимда тарих фанини жуда катта иштиёқ билан ўқидим, устозимиз шижоат билан ўқитар эди. Мактабга фақат шу фан учун борардим, десам ҳам бўлади. Балки шу ўқитувчим кетмаганида тарихчи бўлиб кетишим ҳам мумкин эди. 6-синфдан биологияга қизиқа бошладим, 7-синфдан олимпиадаларга бордим, яхши натижаларни қўлга киритдик. Шу тариқа, бундай кўзимни очиб қарасам, биология соҳасининг ичида эканман.

“Мусобақага илк марта офлайн қатнашдим”

— Халқаро биология олимпиадаси пандемия сабабли 2 йил давомида онлайн ўтказиб келинган. 2021 йилда Португалия мезбонлигида ўтган онлайн мусобақада иштирок этганман, лекин офлайн шаклда биринчи марта қатнашишим. Мусобақанинг офлайн ўтаётгани мен учун ҳам янгилик бўлди.

“Халқаро даражадаги устозларимдан дарс олдик”

— Олимпиага тайёргарлик халқаро даражадаги устозлар билан ўтди. 2 йил давомида улардан ўргандик. Халқаро даражадаги устозларнинг дарси барибир бошқача бўлади. Ўзимизнинг билган-билмаганларимизни ўрганиб, ҳаяжонимизни босдик.

Тўғрисини айтаман, халқаро даражадаги устозларнинг дарслари мана шу халқаро олимпиадада катта ёрдам берди.