Президентнинг “Умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестациясини ўтказиш ва олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартибини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестациясини ўтказиш ҳамда олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
- 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб таълим ташкилотлари битирувчилари учун умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестацияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
- битирувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларини ҳамда иккитадан тўрттагача бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синови ўтказилади;
- тест синови натижалари бўйича битирувчиларга уч йил муддатга амал қиладиган электрон миллий сертификат берилади;
- битирувчиларга шаҳодатнома (ёки диплом) беришда якуний давлат аттестациясида битирувчиларнинг мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари инобатга олинади ва шаҳодатнома (ёки диплом)да қайд этилади;
- таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил давомида қониқарли баҳо олган битирувчилар тест синовига қўйилади. Битирувчилар рўйхати Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, тизимида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан электрон идоралараро ахборот алмашинуви орқали Давлат тест маркази платформасига интеграция қилинади;
- битирувчилар шаҳодатнома (диплом) олишлари учун тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан тўпланиши лозим бўлган минимал балл Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади;
- тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган битирувчилар якуний давлат аттестациясидан ўтган ҳисобланади;
- йил давомида тест синовини топшириб умумтаълим фанларидан сертификатга эга ва унинг балли Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган минимал ўтиш баллига мос келган битирувчилар тегишли фанлар бўйича якуний давлат аттестациясидан озод этилади;
- тест синовлари ҳар йили июнь-июль ойларида Давлат тест маркази томонидан катта сиғимли биноларда ҳамда таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган узоқ ҳудудлардаги биноларда қоғоз (ёки электрон) шаклда ўтказилади;

















