Азимжон Жамолов – Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино мактабининг 11-синф ўқувчиси. У кимё бўйича Тошкентда май ойида ўтказилган 56-Менделеев олимпиадасида олтин, Хитойда ўтказилган 54-Халқаро кимё олимпиадасида кумуш медални қўлга киритди.

Азимжон Ўзбекистондаги мактабларда қотиб қолган ёдлаш усулидан воз кечиб, ўқувчиларнинг тушуниш қобилиятини ривожлантириш кераклигини айтади.

“Қандай медал олишингдан қатъи назар, бизнинг боламиз бўлиб қолаверасан”

— Ибн Сино мактабига киришдан олдин 9-синфгача 51-мактабда ўқиганман. Онам уй бекаси, дадам бозорда тадбиркор. Оиламизда ҳеч ким кимё йўналишига боғлиқ эмас, мен биринчи бўлдим, десам ҳам бўлади. Ота-онам менинг ўқишим учун ҳамма шароитни ҳар доим яратиб беришга ҳаракат қилган. Қанча қийин бўлмасин, ўқишимиз учун сармоя киритишдан бош тортмаган.

Ҳаётда дадамга ўхшашга интиламан, уларни эталон сифатида кўраман. Айнан кимё олимпиадалари соҳасида ўқитувчим Беҳзод Болтаевга ҳавас қиламан. Олимпиадага қатнашаётганда, уйдагиларимга қандай медал олишим муҳиммас эди. Олимпиадага чиққанимнинг ўзи улар учун ҳам, ўзим учун ҳам катта нарса эди. Ҳар доим менга: “Қандай медал олиш ёки олмаслигингнинг биз учун аҳамияти йўқ, ҳар доим бизнинг боламиз бўлиб қоласан”, дейишган.

“Қийин бўлса ҳам мақсадга ҳалол йўл билан етиш керак”

— Қийинчилик ҳар доим бўлган, мақсадга эришиш керак, энг кераклиси ҳалол йўл билан мақсадга эришиш керак. Тайёрланишлар жараёнида чарчадим деган вазият бўлган, лекин тўхтайман деган вазият бўлмаган.

Мен ҳам ўртоқларим билан вақт ўтказишни хоҳлардим. Лекин мен қўйган мақсад хоҳишларимдан каттароқ эди. Чунки бу олимпиадада қатнашиш бўйинга тушдими, юртнинг шарафини қаттиқ ҳимоя қилиш керак.

Олимпиададаги иштироки

— 56-Халқаро Менделеев олимпиадаси Тошкент шаҳрида, 54-Халқаро кимё олимпиадаси эса Хитойда масофавий тарзда бўлди.

Онлайн олимпиадаларда ҳиссиётлар камроқ бўлади. Худди ҳар доим ҳар куни қилган ишингизга ўхшаб қолади. Офлайнда эса ҳаяжон кўпроқ бўлади. Олимпиада синовлари 3та турда бўлади: 2та тури назарий ва 3-тури амалий лаборатория иши. Назарий турлар жавоби олдинроқ айтилади, лаборатория тури натижаси номаълум бўлади.