Давлат экология қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, қўмита тасарруфидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонаси Қизилсув бўлимида ўрнатилган видеоқопқонда Тян-Шан қўнғир айиғининг тасвирлари муҳрланган.

Тян-Шан қўнғир айиғи сут эмизувчилар синфига мансуб йиртқич ҳайвон бўлиб, Помир, Тян-Шан, Ҳимолай ва Ҳисор тоғларида яшайдиган айиқларнинг кенжа тури ҳисобланади.

Мазкур айиқ тури Ўзбекистон Қизил китобига йўқолиб бораётган тур мақоми билан киритилган. Тян-Шан айиғи “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг Ғелон, Мираки, Танхоздарё ва Қизилсув бўлимлари ҳудудида учрайди.

Қайд этилишича, Тян-Шан айиғи Давлат экология қўмитаси томонидан доимий муҳофазага олинган.

Аввалроқ, “Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга ноёб қор қоплонлари, Туркистон силовсини ва ноёб қизил суғурлар муҳрланган эди.