Ўзбекистон Марказий банки ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни ва банкларга бозор шароитида ишлашга рухсат беришни сўраган. Бу ҳақда 21 июлдаги матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
“Бу – Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири”, деди у.
Регулятор раҳбарига кўра, имтиёзли кредитлашни тўхтатишга иқтисодий ва геосиёсий вазият йўл бермаяпти.
“Тўғри тушунишимиз керак, ҳозир бутун дунёда камбағаллик даражаси ошиб бораётган шароитда биз бугунги кундаги имтиёзли кредитларни тақа-тақ тўхтатиб қўйиб, кичик бўлса ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаман деган фуқароларимизга қийинчилик яратиб қўйишимиз эҳтимоли юқори”, – деди Нурмуродов.
Унга кўра, Марказий банк ҳукумат билан имтиёзли кредитлар ўрнига компенсация механизмини кенгайтириш бўйича иш олиб бормоқда.
“Компенсация механизми ўтган йилга қараганда қарийб 4 бараварга кўпайди. Олдин биз имтиёзли кредитларни маълум бир ставкада белгилар эдик, ҳозир 14 фоиздан паст белгиланмаяпти, олдинлари ундан ҳам паст белгиланарди”, – деди МБ раиси.
Ҳукумат ҳам имтиёзли кредитлардан воз кечиш тарафдори
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт вазири Жамшид Қўчқоров 22 июл куни Сенат ялпи мажлисида кредитлар талон-торож қилинаётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, муаммо ечими иккита эканини айтди.
“Биринчи навбатда имтиёзли кредитларни йўқ қилиш масаланинг ечими бўлади. Қачонки имтиёзли кредит бўлмаса, кредит бериш жараёни тартибга тушади.
Иккинчидан, банкларимизни хусусийлаштириш керак. Хусусий банкларнинг эгалари ҳалол, пок, легал, дивиденд орқали даромад олиш учун талон-торож масаласи билан ҳам ўзи шуғулланади. Албатта, ўғрилик ҳамма жамиятларда ҳам бор”, – деди Қўчқоров.
Имтиёзли кредитлар камбағалликни қисқартирадими?
Имтиёзли кредитлар камбағалликни қисқартирадими деган савол жуда баҳсли.
Kun.uz ажратилган имтиёзли кредитлар талон-торож қилинган, кўплаб оилаларни камбағалликдан чиқариш ўрнига қарзга ботириб қўйганига оид кўплаб материаллар эълон қилган.
















