Прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан Маданий мерос агентлиги мутахассислари иштирокида ўрганишлар ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Унда, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани масъул мансабдор шахслари томонидан маданий мерос объекти уй-жой қуриш учун ноқонуний бериб юборилиши оқибатида унга жиддий зарар етказилгани аниқланди.

Маданий мерос ёдгорлиги ҳисобланган Янгиқўрғон тумани Гаистон маҳалласида жойлашган “Гаистонтепа” археология ёдгорлигига оид ҳужжатлар туман кадастр ва қурилиш бўлими бошлиқлари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда ер участкаларини бериш масаласини кўриб чиқувчи комиссияга тақдим этилиб, объект ноқонуний равишда фуқароларга далаҳовли қуриш учун ажратилган.

Оқибатда, “Гаистонтепа” археология ёдгорлиги 2020-2021 йиллар давомида фуқаро З.М. томонидан бузиб ташланиб, ўрнига уй-жой қурилгани натижасида тарихий объектга 80 млрд сўм жиддий зарар етказилган.

Текшириш натижасига кўра, жиноят иши қўзғатилган.

Маҳкама хабарида айтилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.