09:21 / 02.08.2022
8770

АҚШда Капитолийга ҳужум иши бўйича энг қаттиқ ҳукм чиқарилди

Техасда яшовчи Гай Реффитт етти йил-у уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу Капитолийга ҳужум бўйича иш доирасидаги энг узоқ муддатга айланди.

Фото: Global Look Press / Joel Marklund / Keystone Press Agency

Техасда яшовчи Гай Реффитт 2021 йил январида Капитолийга ҳужум иши бўйича энг узоқ муддатга, яъни етти йил-у уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм 1 август, душанба куни Колумбия округи судьяси Дабни Фридрих томонидан чиқарилди

49 ёшли техаслик ҳарбийлашган ультраўнг радикал гуруҳ аъзоси бўлган. Март ойида у Капитолийга туташ ҳудудга ўқотар қурол олиб кириш, полиция ходимларига ҳужум қилиш ва терговга тўсқинлик қилишда айбдор деб топилди. Реффитт ўз ўғли ва қизига ҳам таҳдид қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмасликни талаб этган. «Хоинларни отиб ташлашади», деган у 18 ёшли ўғлига. Шунга қарамай, 18 ёшли йигит АҚШ Федерал қидирув бюросида ва кейинроқ судда отасига қарши гувоҳлик берди. 

Гай Реффитт АҚШ Конгресси биносига бостириб кириш иши бўйича айбланувчига айланган биринчи судланувчидир. Видеоёзувларда Техас штатида яшовчи нефтчининг Капитолий зинапоясида полициячилар билан жанжаллашиб қолгани ва терговчиларга кўра, оломон орасида фитна қўзғатгани акс этган. Прокуратура уни йиғилганларнинг «етакчиси» деб атаган. «У ёнғинни бошлаган гугуртни ёқиб юборган», — деди айблов томони.

2021 йил 6 январда Вашингтондаги митингда нутқ сўзлаганидан сўнг, АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трампнинг радикал кайфиятдаги тарафдорлари Капитолийга бостириб кирди, у ерда Сенат ва Вакиллар палатаси қўшма йиғилиши иштирокчилари овоз бериш натижаларини маъқуллаётган бўлган. Намойишчилар бинога бостириб киришга муваффақ бўлган, Конгрессдаги мунозаралар бир неча соатга тўхтатилган, қонун чиқарувчилар эвакуация қилинган. 

Тартибсизликлар иштирокчилари полиция билан тўқнашув уюштирган, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган. Миллий гвардия Вашингтонга етиб келган. Тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлди, улардан бири - полициячи. Расмийлар бир неча соатдан кейин Конгресс биносини назоратга олди. Кейинги ҳафталар давомида яна икки полициячи ўз жонига қасд қилди. Тартибсизликлардан кейин 50 га яқин одам қўлга олинган, уларнинг бир нечасига айблов эълон қилинган. 

Капитолийга ҳужумдан кейин АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси комиссияси Трампнинг воқеалардаги ролига ойдинлик киритиш учун 140 мингдан ортиқ ҳужжатни ўрганиб чиқди ва мингдан ортиқ гувоҳлар билан суҳбатлашди. Комиссия июнь ойи бошидаги биринчи йиғилишида Вашингтондаги тартибсизликлар учун биринчи навбатда собиқ президентни жавобгар деб топди. Саккизинчи оммавий эшитувлардан сўнг комиссия ишида танаффус эълон қилинди, сентябрь ойида янги йиғилиш ўтказилади. Трамп ўз айбини тан олмаяпти ва 2024 йилда АҚШ президентлиги учун яна ўз номзодини қўйиши мумкинлигини истисно этмаяпти. 

Top