Одесса областининг учта портида РФ билан уруш бошланишидан олдин юкланган ва Украина ғалласи бўлган 16 та кема қолмоқда. Бу ҳақда Украина инфратузилма вазири ўринбосари Юрий Васьков 1 август, душанба куни DW’га берган интервьюсида маълум қилди. У бу кемалар яқин икки ҳафта ичида жўнатилиши ва тез орада яна учтаси товар учун етиб келишига умид билдирди.
1 август куни Одесса портидан Украина дони бўлган биринчи юк кемаси жўнаб кетди. «Ушбу биринчи партия бутун бозорга Украина яна жаҳон озиқ-овқат дастурларида иштирок этишига ва жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги мувозанати тикланишига умид беради. Демак, бу жуда муҳим», - деди Одесса портининг собиқ раҳбари Васьков DW билан суҳбатда.
Вазир ўринбосари юк ташувчи кемалар сони «кун сайин ортиб боришига» умид билдирди. Сентябрга келиб, экспорт ҳажмини ойига 6 миллион тоннага етказиш мумкин, деб ҳисоблайди Юрий Васьков.
Унинг аниқлик киритишича, Қора денгизда миналар портлаши хавфи остида хавфсизроқ ташишни таъминлаш учун кемага махсус қайиқ ҳамроҳлик қилган.
Маккажўхори ортилган, Сьерра-Леоне байроғи остидаги Razoni кемаси 1 август куни эрталаб денгизга чиқди. Украина инфратузилма вазири Александр Кубраковнинг сўзларига кўра, у Ливанга кетган, буни Туркия Мудофаа вазирлиги тасдиқлаган.
Истанбул дон экспортини назорат қилиш маркази маълумотига кўра, юк кемасида 26 минг тоннадан ортиқ маккажўхори олиб кетилмоқда. Марказ, шунингдек, Razoni 2 август куни Туркия ҳудудий сувларига етиб келиши кутилаётганини билдирди. Текширувдан сўнг кема Триполига йўл олади.
Украина ҚК Ҳарбий-денгиз кучлари матбуот маркази таъкидлашича, юк кемасининг ўтиши синов тарзида амалга оширилаётган бўлиб, у Қора денгиздаги «дон йўлаги» фаолиятини текширишга мўлжалланган. «Ушбу натижаларга кўра, тегишли қарорлар қабул қилинади», — дейилади баёнотда.
















