Акциядорлик жамиятининг 8 нафар ходимлари Швейцариянинг «Hitachi Energy Switzerland Ltd» институтида рақамли подстанциялар фаолияти йўналишида малака ошириб қайтишди.

Рақамлаштириш дастурлари татбиқ этилган соҳа ва тармоқлар борки, “иш унумдорлиги”, “самарадорлик”, “тараққиёт” ва “янги технологиялар” каби жумлалар билан сифатланадиган ривожланиш кўрсаткичларини кузатишимиз мумкин. Илгари асосан қўл меҳнати ва яриммеханизациялашган ишлаб чиқариш жараёни — бугунги глобаллашув замонидаги рақобатга, сифат талаби-ю тезкорлик кўрсаткичларига дош бера олмайди. Айни пайтда бу жараён энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғида ҳам кузатилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, рақамлаштириш — босқичли жараён. Унинг натижадорлигига эришиш учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнига рақамли дастурларни татбиқ этишнинг ўзи камлик қилади. Рақамли технологиялар — эски техник дастгоҳлардан воз кечиш, иш услубини тубдан ўзгартириш, энг муҳими, малакали кадрлар тайёрлаш билан чамбарчас боғлиқ.

Алқисса, бугунги кундаги тараққиёт кўп жиҳатдан ахборот технологияларининг ривожланиш кўрсаткичларига боғлиқ. ХХI асрда интернет тармоғи жамият ҳаётининг турли соҳаларига кириб келиши билан «электрон ҳукумат», «электрон савдо», «рақамли иқтисодиёт» каби атамалар пайдо бўлди. Ушбу атама илк бор 1995 йилда Массачусетс университети олими Николас Негропонте томонидан тилга олинган.

Буни қарангки, Ўзбекистон энергетика соҳасида, хусусан электр энергетикаси тармоғида бир неча йиллардан буён рақамли технологияларнинг дастлабки ютуқларидан самарали фойдаланилиб келинади. Мисол учун, рақамли технологияларнинг дастлабки унсурлари 1992 йилда 500/220/10 кВли «Тошкент» подстанциясига «ЭКРА» русумли фавқулодда вазиятларни қайд этувчи регистраторларга «ФПМ-1М» типидаги ШЖАҚ — шикастланган жойни аниқловчи қурилмалар ўрнатилган. Айни пайтда эса бундай кичик қурилмалар тармоқли дастурларга айланган. Ҳозирда уларни ҳар томонлама мукаммал, замонавий дастурлар ҳисобига янгилаш, такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.