Сенатнинг 29-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги ҳамда “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар рад этилди.

Ҳимоя ордери талабларини бузиш учун жавобгарлик ўзгаришсиз қолдирилди

МЖтКнинг 2061-моддаси амалдаги таҳририга биноан, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Сенатга киритилган қонунда мазкур санкциядаги жаримани БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача кучайтириш таклиф этилган эди. Қонун муаллифлари бунга асос сифатида ҳимоя ордерига қарамай, хотин-қизларга нисбатан такроран тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганини айтганди.

Бироқ, сенаторларнинг айтишича, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишга доир БМТ тавсияларида оиладаги зўравонлик содир этганликда айбланган шахсларга жарима солишни жабрланувчига тушадиган юк сифатида қараш ва шунинг учун уни ҳуқуқбузарлар учун номақбул жазо тури деб ҳисоблаш кераклиги назарда тутилган.

Шунингдек, "Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги конвенциянинг 35-тавсиясига кўра, ҳимоя чораларини қўллаш зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик натижасида жабрланган хотин-қизларга молиявий, бюрократик ёки шахсий хусусиятга эга ҳаддан ортиқ юкни қўллашни назарда тутмаслиги лозим.

Сенаторларнинг фикрича, бу қонунда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳолининг даромадлари, уларнинг ижтимоий-психологик ҳолати, шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинмаган.

Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо