Хитой халқ республикаси Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб ҳисоблайди ва эртами-кечми ҳудудни ўз таркибига қайтариши ҳақида айтиб келади. Аммо кўплаб тайванликлар етмиш йиллик алоҳида яшашдан кейин ўзларини алоҳида халқ деб, оролни эса алоҳида давлат деб ҳисоблашни бошлаган, аммо орол ҳозиргача мустақиллик эълон қилмаган, шу билан бирга ўзини бутун Хитойнинг қонуний вориси деб билади.

Можаронинг тарихи қандай?

Тайванга илк кўчиб келганлар австронезия қабилалари бўлиб, маълумотларга кўра, улар ҳозирги Хитой жанубидан кўчиб ўтишган.

Орол хитойликларнинг солномаларида, айрим маълумотларга кўра, эрамизнинг 239 йилида илк бор қайд этилган, ўшанда хитойликлар императори бу ҳудудни ўрганиш учун экспедиция корпуси юборган — Пекин ушбу факт билан оролга эгалик ҳуқуқини асосламоқчи бўлади.

Қисқа муддат давомида, 1624 йилдан 1661 йилга қадар Тайван голландлар мустамлакаси бўлган, кейин эса, 1683 йилдан 1895 йилга қадар хитойликларнинг Син сулоласи ҳукмида бўлган.

Ўшанда, XVII асрда, Тайванга Хитойнинг материкдаги ҳудудидан кўплаб одамлар оқиб кела бошлаган, одамлар тартибсизликлар ва қашшоқликдан қочиб ўтишган. Уларнинг аксари Фузян провинцияси ҳудудидаги хокло хитойлари ёки Гуандун провинциясида яшаган хакка хитойлари бўлишган. Уларнинг авлодлари бугунги кунда оролдаги энг йирик демографик гуруҳни ташкил қилишади.

1895 йилда, биринчи хитой-япон уруши бошлангач, Син сулоласи Тайванни Японияга қолдиришга мажбур бўлган. Иккинчи жаҳон уруши якунида Япония Хитойдан тортиб олинган ҳудудларни назорат қилишдан воз кечади. Уруш ғолибларидан бири бўлмиш Хитой Республикаси — ўз иттифоқчилари АҚШ ва Буюк Британия розилиги билан Тайванни бошқара бошлайди.

Аммо кейин Хитойда Чан Кайши бошқарувидаги Гоминдан партиясининг миллий ҳукумати ва Мао Цзэдун раҳбарлигидаги Хитой Коммунистик партияси қўшинлари ўртасида фуқаролик уруши бошланиб кетади. Якунда Гоминдан мағлубиятга учрайди.

1949 йилда Чан Кайши ўз тарафдорлари билан - уларнинг сони бир ярим миллион атрофида бўлган - Тайванга қочиб ўтади. У бу ерда сургундаги ҳукумат таъсис этиб, ўзига бўйсунган ҳудудни Хитой Республикаси деб эълон қилади ва кейинги 25 йилда ҳукмронлик қилади.