5 август куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида 2022 йилги давлат дастурининг I ярим йилликдаги ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботи эшитилди. Мажлисда сенаторлар ҳукуматдан чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш масаласи дастурида белгиланган ишлар қай тарзда кетаётгани ҳақида сўради.
Саволга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов жавоб берди.
“Ҳақиқатан ҳам, давлат дастурининг 292-бандида маиший чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, уни қайта ишлашни 21 фоиздан 50 фоизга етказиш бўйича талаб белгиланган. Бу вазифаларнинг ижро механизмини қарайдиган бўлсак, алоҳида дастур ишлаб чиқиб, келаси 5 йилда амалга ошириш белгиланганини кўриш мумкин.
Бугунги кунда республикада йил давомида 7 миллион тонна маиший чиқинди чиқади. 307 та қайта ишловчи корхоналар томонидан уларнинг бор-йўғи 1,8 миллион тоннаси ёки 26 фоизи қайта ишланади. Ундан 1400 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йил якунига қадар буни эллик фоизга чиқариш имконияти йўқ.
Шунингдек, 2022 йил 2 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишда маиший чиқиндиларни йиғишни 95 фоизга, қайта ишлашни 40 фоизга етказиш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли ҳудудларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Унга асосан 2022-2025 йилларда:
- 29 та маиший чиқинди полигонларини реконструкция қилиш;
- 437 та чиқиндиларни йиғиш майдончаларини қуриш;
- 26 та қурилиш чиқинди ва полигонларини қуриш ва жиҳозлаш;
- 18 минг 867 та контейнерларни харид қилиш;
- 60 та тиббиёт участкаларини қуриш ва техник воситалар билан таъминлаш;
- 38 та қайта юклаш станцияларини қуриш, уларни 164 та махсус техника ва 181 та йирик ҳажмли контейнерлар билан таъминлаш;
- 40 та чиқинди саралаш ускуналарини ўрнатиш мақсад қилиб олинган.
Мана шу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида [маиший чиқиндини қайта ишлашни] 40 фоизгача етказиш бўйича олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Президентимиз томонидан ушбу ҳужжат имзолангач бу ишларни амалга оширишимиз мумкин.















