Айни кунларда Тошкент метрополитенининг деярли барча бекатларига кириш жойларида ИИВ ходимлари фуқароларнинг сумкаларини текшириб киргизмоқда. Шу билан бирга, метрополитеннинг ички қисмида ҳам назорат постлари фаолият олиб бормоқда.

Ҳолатга изоҳ берган ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳеч нарса ўзгармаганини, ҳамма нарса олдиндан қандай режалаштирилган бўлса, шундай иш кетаётганини билдирди.

“Бу ерда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ходимларнинг бу ерда туриш-турмаслиги бўйича ўзгарувчан графикка асосланади.

Кейин бу ходимларнинг бу ерда бўлмай қолиши шахсий таркибнинг ротацияси, метрода хавфсизликни таъминлашнинг Тошкент шаҳар ИИББдан олиб ИИВ тизимига ўтказилгани кабилар билан боғлиқ бўлган.

Лекин ҳеч нарса ўзгармаган. Олдиндан қандай режалаштирилган бўлса, пастда ҳам, тепада ҳам иш кетяпти”, – деди вазирнинг матбуот котиби Kun.uz'га берган изоҳида.

Kun.uz билан гаплашган “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот котиби Миракбар Толипов бу масалалар билан ИИВ шуғулланиши, хавфсизликни таъминловчи ходимлари сонини улар оширмаганини билдирди.

Маълумот учун, ўтган ҳафта – 1 августда Сулаймонов Баҳодир Бакибаевич “Тошкент метрополитени” ДУК Режим ва ички хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у мазкур компанияда Коррупциянинг олдини олиш ва ички назорат хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Баҳодир Сулаймонов / Фото: Тошкент метрополитени матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил ноябрь ойида Тошкент метрополитенининг устки қисмида хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимларининг назорат постларини олиб ташлаш бошланган эди.

Ўшанда бу ҳақда расмий баёнот берган вазирлик матбуот хизмати 2018 йил охирига қадар барча метро бекатлари устки қисмида ички ишлар ходимлари хизмати тугатилиши, пастки қисмдаги назорат постлари аввалгидай ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.