Ўзбекистон | 11:00 / 09.08.2022
8933
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида болалар аравачасида тилла тақинчоқларни олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди

Давлат божхона қўмитаси “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳаво йўллари орқали тилла ва заргарлик буюмлари ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олди.

Фото: customs.uz

Тошкент халқаро аэропортида Истанбул-Тошкент рейси бўйича парвозини якунлаган йўловчилардан бирига тегишли қўл юклари кўздан кечирилган. Унинг сумкаси ичида йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимлари оғзаки сўровида маълум қилинмаган заргарлик буюмлари яширилгани фош бўлди.

Йўловчи боласини ўтқазган аравача чўнтагига ҳам тилла тақинчоқларни яширган. Бу шахс божхона назоратига тақдим қилмасдан туриб, жами оғирлиги 1 килограмм 198 граммни ташкил қилувчи тилладан ишланган заргарлик буюмларини олиб киришга уринган вақтда тўхтатиб қолинди. Мазкур заргарлик буюмлари умумий қиймати салкам 590 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Республика божхоначилари томонидан жорий йил ўтган 7 ойи давомида аниқланган 177 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 24 млрд 663 млн сўмлик, салкам 16 килограмм оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмлари ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. Тўхтатиб қолинган заргарлик буюмлари миқдори ўтган йил шу даврига нисбатан 40 фоизга ошган.

Айрим турдаги товарларни божсиз олиб кириш чекланган меъёрларига кўра, жисмоний шахслар республикага қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларидан – 65 граммгача олиб кириши мумкин.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид