Ким Чен Ин КХДР «коронавирус устидан ғалаба қозонганини» тантанали равишда эълон қилди
Шимолий Корея вирусга қарши қаттиқ чекловларни олиб ташлаб, коронавирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Ким Чен Иннинг синглиси Жанубий Кореяни COVID-19 тарқалишида айблади.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат «коронавирусга қарши курашда ғалаба қозонганини» эълон қилди ва май ойида жорий этилган максимал эпидемияга қарши чораларни бекор қилишни буюрди. Бу ҳақда 11 август, пайшанба куни Шимолий Кореянинг КМТА давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Эпидемияга қарши чора-тадбирлар бўйича йиғилишда Ким Чен Ин «эпидемияга қарши фавқулодда кампанияда ғалаба қозонилганини тантанали равишда эълон қилди», халқни ҳушёр бўлишга ва чегара ҳудудларида бутун дунё бўйлаб маймун чечаги ҳамда COVID-19’нинг бошқа вариантлар тарқалиши муносабати билан назорат чораларини қўллашга чақирди.
12 май куни Шимолий Корея мамлакатда «безгак» билан касалланган биринчи бемор ҳақида хабар берди, хорижлик мутахассислар уни коронавирус инфекцияси деб ҳисоблашди. Бунгача, бутун пандемия даврида Пхенян касаллик ҳолатлари қайд этилмагани ҳақида маълум қилиб келди. Давлат ОАВ маълумотига кўра, апрель ойи охиридан бери КХДРда «безгак» билан касалланганларнинг умумий сони 4,8 миллион кишидан ошган, 74 нафар бемор вафот этган.
Худди шу йиғилишда сўзга чиққан Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Е Чжон акаси Ким Чен Ин КХДРдаги «безгак» эпидемияси вақтида оғир касал бўлиб қолганини айтди.
«У юқори ҳарорат билан оғир касал бўлишига қарамай, эпидемияга қарши уруш шароитида ўзи қайғуриши керак бўлган одамлар ҳақида ўйлаб, бир дақиқа ҳам тинч ётолмади», деди Ким Е Чжон.
У Ким Чен Иннинг соғлиғи ҳақида батафсил маълумот бермади, бироқ Жанубий Корея ҳукуматини COVID-19’нинг Шимолий Кореяга «кириб келишига туртки берганликда» айблади. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Кореядан КХДРга «ёмон вирус» бўлган варақалар ва буюмлар юборилмоқда.
Мавзуга оид
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
18:54 / 09.11.2024