Нима ўзгармоқда?
Амалдаги Конституциянинг 24-моддасида “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, дея қайд этилган. Таклиф этилаётган ўзгаришга кўра, бу моддага “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади” деган янги жумла қўшилмоқда.
Мутахассислар яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этгани, Конституцияга киритилаётган янги норма ушбу ҳуқуқ ҳар кимнинг ажралмас ҳуқуқи сифатида тан олинишига асос бўлиши, шу тариқа давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини тасдиқлашини таъкидлашмоқда.
Шу ўринда қайд этиш керакки, 1994 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида 33 та модда бўйича ўлим жазоси тайинланиши мумкин эди. Кейинчалик жиноий жазолар либераллаштирилиб, 2008 йилгача қонунчиликка мувофиқ икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси қолдирилган.
2008 йил 1 январдан барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартириш нафақат ўлим жазосини бекор қилиш, балки қатъий равишда Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланиши ва қайта тикланмаслигини кўзда тутади.
Фарҳод Примов, ИИВ Академияси масъул ходими, Конституциявий комиссия аъзоси:
— Ижтимоий тармоқларни кузатадиган бўлсак, ўлим жазосини тиклаш керак деган таклифлар ҳам учраяпти. Айрим фуқароларимиз бу таклифни қўллаб-қувватлаётганини кўриш мумкин. Хусусан, баъзи бир оғир, ўта оғир жиноятлар, вояга етмаган шахсларга тегажоқлик қилиш, қотиллик, серияли қотиллик жиноятларини содир этганларга нисбатан ва ҳатто коррупция ҳолатлари учун ўлим жазосини тиклаш керак, деган фикрлар билдирилмоқда.
Албатта, ҳар ким ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга, лекин Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси аниқ ва қатъий белгиланган. 2005 йилдан амалда ва 2008 йилдан расман Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган. Юртдошларимизда ўлим жазоси шундоқ ҳам бекор қилинган бўлса, нега бу масала Конституцияга киритиляпти, деган савол туғилиши мумкин.
Қонунларимизга кўра, бундай жазо тури мамлакатимиз ҳудудида бекор қилинган. Констититуцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгаришда ўлим жазосини тақиқлаш ҳақида гап кетмоқда. Яъни бекор қилиш ва тақиқлаш бу мутлақо бошқа-бошқа мазмундаги тушунчалар. Агар Конституцияга ушбу норма киритилса, бу ўзгариш ўлим жазоси Ўзбекистонда абадул-абад қўлланилмаслигини англатади.

















