Россия билан ҳаво алоқаси тўхтатилгандан сўнг, Болтиқбўйи мамлакатларига, шу жумладан Эстонияга Россиядан автобуслар қатнови кўпайди. Россияликлар бу мамлакатларни Европа Иттифоқига борадиган асосий йўналишлардан бирига айлантиришди. Энди эса Эстония Россия фуқароларининг аксарияти учун ушбу йўналишни ёпмоқчи.

Эстония Шенген визасига эга Россия фуқароларига ўз ҳудудига киришни тақиқлашга қарор қилди. Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалунинг маълум қилишича, қарор келаси ҳафта, 18 август куни кучга киради.

Фақат Эстония фуқароларининг яқин қариндошлари, мамлакатда рўйхатдан ўтганлар, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари, транспорт компаниялари ходимлари, шунингдек, гуманитар сабабларга кўра кирганлар учун истисно қилинади. Тақиқ Европа иттифоқи қонунларига кўра эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган одамларга тааллуқли эмас.

Шунингдек, Эстонияга бошқа Шенген давлатлари томонидан берилган визалар билан ҳам кириш мумкин бўлади. Эстония ҳукумати кейинчалик ҳар қандай Шенген визасига эга россияликларнинг мамлакатга киришини тақиқлашни муҳокама қилмоқчи.

«Россия фуқароларининг Эстонияга ёки у орқали Европага оммавий бориш имконияти биз киритган санкциялар руҳига тўғри келмайди», деди мамлакат ташқи ишлар вазири. Унинг сўзларига кўра, Россияда «ўз фуқаролари даражасида нормал халқаро ҳаётни давом эттириш имконияти» бўлмаслиги керак.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Эстония ишлаш, ўқиш ва бизнес учун визалар беришни тўхтатади. Эстония олий ўқув юртларини тугатган талабаларнинг яшаш учун рухсатномаси бир йилга узайтирилади.

Россия Украинага бостириб киргач, Эстония Европа Иттифоқининг айрим давлатлари билан бирга Россия фуқароларига туристик виза беришни тўхтатди. Мамлакат расмийлари россияликларга Европа Иттифоқи даражасида виза беришнинг тўлиқ тақиқланишини қўллаб-қувватламоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Эстония расмийларининг қарорига ҳозирча изоҳ бермади. Федерация Кенгашининг халқаро сиёсат бўйича қўмитаси раҳбари Григорий Карасин Эстониянинг хатти-ҳаракатларини изоҳлар экан, мамлакат «ижобий хислатлари етарли бўлмаган, тарихий норасолик» туфайли шундай қадам ташлаганини айтди.

Эстонияга қўшни давлат Латвия ҳам 11 август куни ЕИ аъзоларини Россия фуқароларига сайёҳлик визалари беришни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Аввалроқ, Латвия Сейми Россияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат деб эълон қилганди. Сейм, шунингдек, Европа Иттифоқи давлатларини Россия ва Беларус фуқароларига кириш визаси беришни чеклашга чақирди.

Август ойи бошида Латвия россияликларга ҳар қандай виза беришни тўхтатди, фақат яқин қариндошининг дафн маросимида иштирок этувчилар истисно қилинди. Баҳорда Латвия ҳукумати россияликларга туристик виза беришни тўхтатди, аммо ишга жойлашиш учун узоқ муддатли миллий виза, шунингдек, гуманитар сабабларга кўра қисқа муддатли виза беришда давом этди.