16:00 / 13.08.2022
8076

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ: куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда

Хабарингиз бор, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85 фоизга яқини иссиқлик электр станциялари ва марказлари ҳиссасига тўғри келади. Демакки, соҳа ходимлари томонидан куз-қиш мавсумида аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш ва мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Режага кўра, тизим корхоналарида  жами 30 та, шу жумладан, 12 та энергоблок, 1 та турбоагрегат, 9 та қозонагрегати, 7 та буғ-газ қурилмаси, 1 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аммо электр станцияларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра ортиғи билан бажарилди.  

Биргина мукаммал ва жорий таъмирлаш жадвалига асосан бугунги кунга қадар 54 та энергоблок, 31 та қозонагрегати, 6 та турбогенератор ва 8 та буғ-газ қурилмалари таъмирланди. Шу кунга қадар 35-110-220-500 кВ кучланишли куч трансформаторларида 65 та жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари, 35-110-220-500 кВ кучланишли 290 та ўчиргич (ҳаволи, мойли, элегаз), ажратгич, ўлчов трансформаторлари, релели ҳимоя ҳамда автоматика қурилмаларида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур йўналишдаги жорий ва мукаммал созлаш ишлари давом этмоқда.

Таъмир сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида электр станциялари мутахассислари қаторида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ва “Ўзэнергосозлаш” МЧЖнинг малакали мутахассислари ҳамда Россиянинг “Силовые машины”, “Калужский турбинный завод” ва “Таганрогский котелостроительный завод”, Япониянинг “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорциуми вакиллари ҳам жараёнга жалб этилди.

Энерго ускуналарнинг техник ҳолатини аниқлаш, уларнинг фаолиятидаги мавжуд камчиликларни жойида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида 151 та металл лаборатория синовидан ўтказилди, 106 таси тўлиқ кимёвий таҳлил қилинди. Элементларни аниқлашга қаратилган 830 та текширув олиб борилди. Механик хоссаларини аниқлаш учун 733 та металл намуналарига ишлов берилди ва синов бажарилди. 136 та сув, электролит, реагентлар, 260 та энергетик мой маҳсулотларида, 72 та кучланиш трансформаторларида ва 425 та трансформатор мойида хроматографик таҳлиллар ўтказилди.

Бугунги кунда ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли электр тармоқларига сифатли узатиш муҳим масала ҳисобланади. Шунга кўра, электр станцияларидаги 110-50 кВ очиқ тақсимлаш қурилмалари (ОТҚ) ускуналарининг техник ҳолатини текшириш мақсадида куч трансформаторларида 72 та, ток трансформаторларида 259 та, кучланиш трансформаторида 129 та, ўчиргичларда 97 та, ажратгичларда 345 та, юқори волтли киритгичларда 119 та ва алоқа конденсаторларида 98 та иш олиб борилди.

Яна бир муҳим масала шуки, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги корхоналарда электр энергияси ишлаб чиқаришда асосан табиий газдан фойдаланилади. Шундай экан, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг сифати кўп жиҳатдан етказиб берилаётган ёқилғи сифатига боғлиқ.

Ҳозирги кунда электр станцияларида табиий газ таъминоти тизими ускуналарини ҳам куз-қиш мавсумида ишончли ва тўхтовсиз ишлашини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, электр станцияларнинг ёқилғи таъминоти ишончлилигини таъминлаш мақсадида “Толимаржон ИЭС” АЖ газ тармоғига қўшимча газ фильтрларини ўрнатиш, “Тўрақўрғон ИЭС” УК буғ-газ қурилмалари газ сиқиш компрессорларини таъмирлаш ишлари якунига етказилди. “Навоий ИЭС” АЖ ва “Тошкент ИЭС” АЖда эса газ ўлчов қурилмаларини замонавий ускуналарга алмаштириш ҳамда замонавий буғ-газ қурилмалари учун табиий газ фильтрлари захирасини яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши кўп жиҳатдан ходимлар билими ва малакасига боғлиқ. Бу борада “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, ходимлар Германия, Франция, Италия ва Россия каби хорижий мамлакатларнинг йирик энергетика компаниялари ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишмоқда.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати

Top