Ўзбекистонда айни кунда давом этаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш жараёнида интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ муҳофазасига доир таклифлар ҳам бор. Хусусан, асосий қомуснинг 36-моддаси “Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга”, – дея тўлдирилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу мавзу актуал бўлиб бормоқда. Шу ўринда интеллектуал мулк тушунчаси, унинг ҳимояси ҳамда ҳуқуқий кафолатлари мавзусида Тошкент давлат юридик университети Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев билан суҳбатлашдик.

— Ассалому алайкум, Шоҳжаҳон ака! Аввало, интеллектуал мулк тушунчасига изоҳ бериб ўтсангиз. Нималар интеллектуал мулк ҳисобланади?

— Интеллектуал мулк ақлий ёки ижодий фаолият маҳсули саналади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ушбу маҳсулотга нисбатан ҳуқуқни англатади. Мисол учун, адиб томонидан ёзилган асар ёки роман, рассом томонидан чизилган сурат, олим томонидан яратилган ихтирога бўлган ҳуқуқ. Оддий мулкдан фарқли ўлароқ, интеллектуал мулк бирон бир моддий кўринишга эга бўлмаслиги ҳам мумкин (масалан, хореография асари ёки пантомима). Интеллектуал мулк кенг қамровли тушунча бўлиб, унга қуйидагилар киради:

  • муаллифлик ҳуқуқи (фан, адабиёт ва санъат асарлари);
  • турдош ҳуқуқлар (ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари);
  • саноат мулки (ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари);
  • ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
  • шахсийлаштириш воситалари (фирма номлари, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи, географик кўрсаткичлар);
  • селекция ютуқлари (ўсимликларнинг янги навлари ва ҳайвонларнинг янги зотлари);
  • ошкор этилмаган ахборот, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);
  • интеграл микросхема топологиялари.

— Ижтимоий тармоқ, Telegram-каналлардаги шахсий фикрлар ёзилган постлар, шахсий фотосуратлар ҳам интеллектуал мулк ҳисобланадими?

— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ижодий меҳнат натижасида яратилган асар интеллектуал мулк сифатида ҳимоя қилинади. Мазкур ҳолатда, агар пост ижодий тусга эга бўлса, у ҳимоя қилинади. Дейлик, пост ўзига хос равишда ифодаланган, яъни ёзилган бўлса, у интеллектуал мулк ҳисобланади. Бироқ оддий ахборот кўринишидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар интеллектуал мулк ҳисобланмайди. Бинобарин, постда оддий ахборот ёки янгилик акс этган бўлса, у интеллектуал мулк бўлмайди.