
Бугун, 16 август куни Швейцариянинг Берн шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди.
Битимни Ўзбекистон номидан адлия вазири Русланбек Давлетов ва Швейцария номидан мамлакат президенти Иньяцио Кассис имзолади.
Битимни имзолаш маросимида БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармаси офиси ижрочи координатори Ж.Топпинг иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
“Битимнинг имзоланиши илгари Гулнора Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млн АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади”, – дейилади хабарда.
Бу борадаги музокаралар 2 йил давом этди.
“Битим ноқонуний орртирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига (тақрибан 1,4 трлн сўм) тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди”, – дея аниқлик киритган Адлия вазирлиги.

Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда:
- очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;
- ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;
- қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;
- Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.










