16:03 / 16.08.2022
5590

«Rayyona Qutlug‘»дан жабрланган фуқаролардан ички ишлар органларига мурожаат қилишлари сўралмоқда

Қарийб 300 кишига уй ва автомобил олиб беришни ваъда қилган молиявий пирамида асосчилари йиғилган пулларни олиб, чет элга қочиб кетган. Тошкент шаҳар ИИББ жабрланувчиларни терговга мурожаат қилишларини сўради.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкентда 300 кишига уй ва автомобил олиб беришни ваъда қилган «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ асосчиларидан бири 4 август куни одамлардан йиғилган пуллар билан чет элга қочиб кетгани ҳақида хабар бергандик. Тошкент шаҳар ИИББнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (“Жуда кўп миқдорда ўзгалар мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, корхонанинг бир гуруҳ масъул шахслари ўзгалар мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида одамларни алдаб келишган. Улар мижозларини 40 иш кунидан 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб тўлаш имконини берувчи шартлар асосида олиб, уй ва машина олиб беришга ишонтиришган ва шу йўл орқали фуқаролардан бошланғич тўлов сифатида икки миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги пулни ўзлаштиришган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, «Rayyona Qutlug‘» мансабдорлари мижозларнинг ишончига кириш учун бўлиб тўлаш шарти билан бериладиган уй ва машиналарнинг йиллик тўлови 10 фоиздан ошмаслиги, шунингдек, тўлов кечиктириб тўланган тақдирда ҳам пеня қўлланмаслигини айтишган. Бундан ташқари, фирма мижозларига 40 иш кунида машина ва уй олиб бераётгани ва совға сифатида кир ювиш машинаси, телевизор каби жиҳозлар совға қилинаётгани акс этган видеоларни интернетдаги турли платформалар орқали айлантириб, ўз фаолиятини реклама қилиб келган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида «Rayyona Qutlug‘» МЧЖ мижозлар билан 310 та автомобиль, 52 та уй олиб бериш бўйича шартнома тузган. Шундан 42 та транспорт воситаси, 7 та уй эгаларига топширилган.

Тошкент шаҳар ИИББ шу фирма билан шартнома тузиб, унда кўрсатилган пулларни банкка тўлаган жабрланувчилардан ўзлари яшайдиган ҳудуддаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамлари орқали мурожаат қилишларини сўраган.

Top