18-22 август кунлари “Фарғона ИЭМ” АЖда бўлиб ўтиши режалаштирилган форум Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтмоқда.  

Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати тамойиллари ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида ўтказиляпти. 

Қолаверса, хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда бўлиб ўтган “Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви”да нутқ сўзлар экан, “Ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшашлигига, уларнинг улкан интеллектуал салоҳиятига яна бир бор амин бўлдик. Уларнинг илғор ташаббуслари, креатив ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Навбатдаги учрашувимизгача ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф этамиз” , - дея таъкидлаган эди. 

Форум ташкилотчилари айни жиҳатларни эътиборга олган ҳолда унга алоҳида тайёргарлик кўришди. 

Даставвал, форум иштирокчилари Марғилон темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.