400 нафардан ортиқ ёш энергетик. 20 га яқин турли тадбир, учрашув, мусобақа ва беллашувлар. Профессионал ўсиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот майдони.
“Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” шиори остида “Бирлашсак, катта кучмиз!” ҳалқаро ёшлар форумига айнан мана шундай таъриф бериш мумкин.


Фарғонада, хусусан “Фарғона иссиқлик электр маркази” АЖда бўлиб ўтган ёш энергетиклар форуми кеча, 21 август куни ўз ишини якунлади.
Шу муносабат билан қатнашчилар шарафига ўзбек эстрадасининг юлдузлари иштирокида катта гала концерт дастури ташкил этилди.


Унда Ватанни, ёшликни ва ҳаётни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар жаранг сочди. Тадбир қатнашчилари шарафига отилган мушаклар шоуси ёпилиш маросимининг кульминацион нуқтаси бўлди.
22 август куни форум қатнашчилари Қўқон шаҳри бўйлаб сайр қилишди. Худоёрхон саройи, жомъе масжиди, Норбут-бия мадрасаси, Модарихон мақбарасида бўлишди.


Шунингдек, Риштон “Ҳунармандлар маркази”га ҳам ташриф уюштирилди. Бу ерда миллий кулолчилик мактаби, адрас ва атлас, ёғоч ўймакорлиги, маҳсидўзлик каби миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар.
Қайд этиш лозимки, 18-22 август кунлари ўтказилган форум дастури ранг-баранглиги билан ёдда қоладиган бўлди. Хусусан, “Иссиқлик электр станцияларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари” мавзусидаги илмий-техник конференция, “INNO-TPP” илмий-техник клубининг таъсис маросими, “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Энергетиклар марафони”, стол тенниси, волейбол, камондан ўқ отиш спорт мусобақалари, Қўқон шаҳри ва Риштон ҳунармандчилик маркази бўйлаб экскурсияларда жами 400 га яқин ёшлар иштирок этди.



























