Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида болалар майдончаси, маҳалла гузари, хусусий боғча, автотураргоҳ ва бошқа ижтимоий мақсадлар учун ажратилган ерларда кўп қаватли уйлар, бизнес марказлар ёки шунга ўхшаш иншоотлар пайдо бўлмоқда.
Ачинарлиси, бу ҳолатга жавобгар бўлган ташкилотлар икки қўлини чўнтагига солганча, жим кузатишдан нарига ўтмаяпти.
“Сеҳргарлар”
Kurbanoff.net Теlegram-канали муаллифи Шуҳрат Қурбоновнинг ёзишича, Шимолий вокзал қаршисидаги собиқ трамвай депоси ҳудудида, автотураргоҳ қуриш учун ажратилган жойда бизнес марказ пайдо бўлиб қолган.
“Кўп қаватли автотураргоҳ қуриш баҳонаси билан ер олинади, кейин ярим автотураргоҳ ва ярим супермаркет қурилади. Сўнг эса бизнес марказ пайдо бўлиб қолади! Сеҳргарлар”, – дея муносабат билдирган блогер.
“Ҳар бир қарор лупа билан қайтадан текшириб чиқилиши керак”
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, юқоридаги каби “инвестициявий” лойиҳаларни Тошкентнинг деярли барча ҳудудларида кўриш мумкин.
“Шахсан ўзим Чилонзор 9-кварталда бир қаватли гузар ва “участковой” учун ажратилган ер майдонида, бузилган гаражлар ўрнида икки қаватли боғча учун ажратилган майдонларда бўй чўзган кўп қаватли уйлар қурилганига гувоҳман. Пойтахтда бирон бир квартал ё маҳалла йўқки, шундай бузғунчиликка дуч келмаган бўлса”, дейди у.
Бакировга кўра, бу қурилишлар Тошкент шаҳрида 2018 йил октябрдан 2021 йил августгача ўтказилган ҳуқуқий эксперимент билан боғлиқ. Бу эксперимент “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан жорий этилган эди.
“Исталган ҳудудда исталган формулировка билан ер ажратиб олиш, уни исталган вақтда мазмуни ва мақсадини ўзгартириш мумкин бўлган. Масалан, 2018 йилда 1 қаватли гузар учун ажратилган ерда 9 қаватли бизнес марказ пайдо бўлган бўлса, аввалбошдаги қарорни топиш керак бўлади, агар буни орқа сана билан қайтадан ясаб қўйишмаган бўлса. Фирмаларга ажратилган ер майдонлари бўйича таъсисчиларни ўзгартириш орқали ер сотишларнинг, қўлдан қўлга ўтишларнинг эса саноғи йўқ.















