Миллий келишув ҳукумати соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат пойтахтида бошланган отишмалар чоғида камида 23 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Жанглар Миллий келишув ҳукумати раҳбари Абдул Ҳамид Дбейбага содиқ бўлган кучлар ва Ливия парламенти томонидан сайланган бош вазир Фатҳи Башага тарафдорлари ўртасида кечмоқда.

Reuters агентлиги хабар беришича, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакилларидан 17 киши бор, уларнинг бири таниқли комик Мустафо Барака (суратда).

Бу сўнгги икки йилликдаги энг шиддатли жанглар бўлмоқда, ўшанда бир неча ойлик сиёсий қарама-қаршилик кўча жангларига айланиб кетганди, ҳозир ҳам тўқнашув кўлами янада кенгайиши мумкин.

Отишма ва портлашлар

2011 йили НАТО давлатлари қўллаб-қувватлови билан Муаммар Қаззофий ағдарилганидан буён Ливияда тинчлик ўрнатилмади. Сўнгги икки йилда эса мамлакатда нисбатан тинч муҳит ҳукм сурди.

Шанба куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукумат қуролли кучлари Ливия парламенти томонидан бош вазирликка сайланган Башагага содиқ бўлган айирмачилар колоннасини чекинтириш учун ўт очди.

Пойтахтнинг бир қатор туманларида отишма ва портлашлар рўй бергани акс этган видеолар тарқалди. Шаҳар устида қора тутун устунлари кўтарилди.

Триполида портлашлардан кейинги тутун устуни. Фото: Getty Images

Ҳарбий ҳаракатлар бошланган туманлар аҳолиси эвакуация қилинган. Фавқулодда хизматлар бир неча шифохона шикастланганини хабар қилган.

БМТнинг Ливиядаги миссияси аҳоли яшаш кварталларига ҳам зарбалар йўлланганини қайд этиб, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган.