Ўзбекистон | 15:42 / 30.08.2022
33838
2 дақиқада ўқилади

Судья ёрдамчиси катта тезликда пиёдани уриб юборган. Пиёда ҳодиса жойида вафот этган

Тошкентда одам ўлимига сабабчи бўлган шахс шаҳар маъмурий суди судясининг катта ёрдамчиси экани айтилмоқда. Бу воқеа жамоатчиликдан яшириляпти.

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида одам ўлими билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Катта тезликда ҳаракатланиб келган Nexia-3 ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Воқеа 30 августга ўтар кечаси рўй берган.

Маълум бўлишича, аравасини етаклаганча йўлдан ўтаётган пиёда зарб натижасида бир неча метрга учиб кетган ва боши билан йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. Жабрланувчи олган жароҳатлари натижасида воқеа жойида жон берган.

Kun.uz'нинг суд органларидаги манбаларига кўра, автомобил бошқарувида Тошкент шаҳар маъмурий суди судясининг катта ёрдамчиси Д.Я. бўлган.

Одатда жиддий ЙТҲлар ҳақида хабар бериб борадиган пойтахт ИИББ негадир бу ҳодиса ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Бошқарманинг сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида воқеага оид маълумот топилмади.

Аввалроқ Қашқадарёда 8 кишининг ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси ҳам дастлаб жамоатчиликдан яширилган. Бунга ЙТҲда иштирок этган автомобиллардан бирининг ҳайдовчиси ҳарбий хизматчи бўлгани сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид