Шу йил март-июн ойларида мактаб ўқитувчиларининг аттестация имтиҳонлари бўлиб ўтган эди. Унда 294 мингдан ортиқ талабгор иштирок этиш учун мурожаат қилган. Аммо кўплаб ўқитувчилар бу имтиҳонлардан ҳукумат қарори туфайли қолиб кетишган. Бу эса энди уларга қимматга тушяпти.

Ҳолат қандай юзага келган?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарори билан, боғча, мактаб, коллеж ва техникумларнинг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низомнинг 6-бандида таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга олий малака тоифали ўқитувчилар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги ёзилган эди.

Айни шу тартиб туфайли 2017 йилда олий тоифа олган ва 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга минглаб ўқитувчилар 2022 йил март-июн ойларида ўтказилган аттестация имтиҳонларига жалб этилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилнинг 2 август куни қабул қилинган 425-сонли қарори билан эса низомнинг 6-бандига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, олий тоифани олганидан кейин уни 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга ўқитувчилар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.

Педагог кадрлар ҳар 5 йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади. Аммо олий тоифага 2017 йилда ўтган ва 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга минглаб ўқитувчилар ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабига биноан шу йил баҳорда аттестация имтиҳонларига бормаган.

Эндиликда эса киритилган ўзгартириш туфайли улар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда сентябр ойидан оддий мутахассис тоифасига тушириб қўйилмоқда.