“Судга мурожаат қилишни янада эркинлаштириш муносабати билан Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришларни киритиш назарда тутилмоқда:

  • иқтисодий суд ишларини юритишда апелляция шикоятини (протестини) бериш ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахс илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечиктирмасдан берилиши белгиланган икки ойлик муддатни олти ойга узайтириш;
  • маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, улар мансабдор шахслари қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш уч ойлик муддатини олти ойга узайтириш.

Билдирилишича, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар:

  • фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлашга;
  • турли сабабларга кўра вақтида шикоят қила олмаган тарафлар суд қарори устидан шикоят қилиш имкониятини кенгайтиришга;
  • фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари одил судловга эришиш даражасини, аҳоли судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.