“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Таркибидаги ифлослантирувчи моддалар йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган оқова сувларни оқова сув чиқариб юбориш тармоқларига оқизиш борасида масъулиятни янада ошириш ва бу борада жиноий жавобгарликни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Жиноят кодекси 196-1-модда билан тўлдирилади. Унда оқова сув чиқариб юбориш тармоқларига меъёридан ортиқ ифлосланган оқова сувларни оқизганлик учун жазо чоралари кўзда тутилган.
Хусусан, анча миқдор ва ундан кўп компенсация ҳисоблашга сабаб бўлувчи таркибидаги ифлослантирувчи моддалар йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган оқова сувларни оқова сув чиқариб юбориш тармоқларига оқизиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдори 10 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
















