Сўнгги пайтларда автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг портлаши ҳақида бот-бот хабарлар янграмоқда. Бундай воқеаларда инсонларнинг ҳалок бўлаётгани эса ниҳоятда ташвишланарли ҳолдир.

Масалан, шундай кенг кўламли фожиаларнинг сўнггиси 2022 йил 18 август Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида содир бўлди. Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга (!) тегишли «Isuzu» русумли автобус АГТКСдан газ тўлдириб чиққан вақтда унга ўрнатилган газ баллонлари бирида портлаш содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.

Сирдарёда портлаган «Isuzu» автобуси. Фото: ФВВ матбуот хизмати

2018 йилнинг 18 сентябрида Бухоронинг Когон туманида ҳам «Isuzu» автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган эди. Яна 21 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳати олишган.

Албатта, бундай воқеалар кишида хавотир уйғотади. Чунки кўпгина шаҳарларимизда автобуслар ўзимизда ишлаб чиқариладиган ноқулай «Isuzu» экани ва уларнинг деярли барчаси сиқилган газда ишлаши, барчасининг том қисмига газ баллонлар ўрнатилгани, бундай баллонларнинг кутилмаганда портлаши мумкинлиги кўплаб қурбонлар келтириб чиқариши ҳар қандай кишида хавотир уйғотиши табиий.

АГТКСларда газ тўлдираётган ёки ҳаракатланиши асносида портлаш содир бўлган енгил автомобиллар ҳақидаги хабарлар деярли ҳар ҳафта тарқалмоқда.

Хўш, метан баллонлар хавфсизлик талабларига жавоб берадими? Умуман, жамоат транспортларида автомобилнинг конструкциясига ўзгартириш киритиб, ушбу ёқилғи туридан бехавотир фойдаланса бўладими?

Автомобилларнинг ёппа метан ёқилғисига ўтиши — автобензин нархининг қимматлиги ва беқарорлиги билан боғлиқ. Қиш фаслида метан ёқилғисининг узилиши, АГТКСларда узундан узоқ навбатлар пайдо бўлиши, машиналарнинг дам-бадам портлаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам одамларни чўчитмаяпти. Чунки 100 км йўл учун сарфланган метан ёқилғиси нархи бензинга кўра 4–5 баробарга арзонроқ.

Шу сабабли юк машиналарини қўя турайлик, маҳаллий ва шаҳарлараро йўналишларда қатновчи автобуслар ва таксилар тўлиқ газда юради.