31 август куни Москвадаги Марказий клиник шифохонада СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв оламдан ўтди. Шифохонадагиларнинг хабар қилишича, у узоқ давом этган оғир касалликдан кейин сешанба куни жон берган.

Михаил Сергеевич Горбачёв КПСС марказий қўмитасининг сўнгги бош котиби, шунингдек советлар иттифоқининг биринчи ва ягона президенти бўлганди.

«Горбачёв бизга озодлик берди»

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Михаил Горбачёв тарих йўналишини ўзгартирган ва совуқ урушни тинч йўл билан тугатиш учун ҳаммадан кўпроқ хизмат қилган ноёб давлат арбоби бўлганини таъкидлади.

«1990 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотини олганида у дунё - бир хиллик эмаслиги, балки хилма-хилликдаги бирлик эканини айтганди. У бу муҳим тушунчани музокаралар, ислоҳотлар, шаффофлик ва қуролсизлантириш йўлида амалиётга татбиқ этди», дейилади Антониу Гутерришнинг баёнотида.

Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни Михаил Горбачёвнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб телеграмма юборди.

«Михаил Горбачёв жаҳон тарихи ривожига улкан таъсир кўрсатган сиёсатчи ва давлат арбоби эди. У мамлакатимизни мураккаб, драматик ўзгаришлар, кенг кўламли ташқи сиёсат, иқтисодий ва ижтимоий чақириқлар даврида бошқарди. Ислоҳотлар зарурлигини англаган ҳолда, долзарб муаммоларга ўз ечимларини таклиф этишга интилди», дейилади телеграммада. У Кремл сайтида сиёсатчининг ўлими ҳақидаги хабардан 12 соат ўтиб эълон қилинди.

АҚШ президенти Жо Байден Горбачёвни «ноёб етакчи» деб атаган: «Бу ноёб етакчи — тасаввури бой, бошқа келажакнинг имкони борлигини кўришга ва унга эришиш учун жасурлик билан ўз карьерасини хавф остига қўйишга қодир инсоннинг интилишлари эди. Бунинг натижасида миллионлаб одамлар учун янада хавфсизроқ дунё ва катта эркинлик юзага келди».

Британия бош вазири Борис Жонсон доим унинг жасурлиги ва тўғрисўзлигидан ҳайратлангани, унинг бу хислатлари совуқ уруш тинч йўл билан тугашига олиб келганини айтган.

«Путиннинг Украинага тажовузи даврида унинг совет жамиятини очиш йўлидаги собитқадамлиги бизнинг барчамиз учун намуна бўлиб қолмоқда», дея ёзган Жонсон твиттерида.

Михаил Горбачёв ва унинг рафиқаси Раиса Нью-Делида магноли кўчати ўтқазмоқда. 1986 йил ноябр.
Фото: АР/ТАСС

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен совуқ урушни тугатиш, «темир парда»ни бузиш ва эркин Европага йўл очишда жонбозлик кўрсатган ишонч ва ҳурматга сазовор раҳбар сифатида Горбачёвга ҳурмат бажо келтирди.