Аммо россиялик олигархнинг даври 2022 йилда якунланди, тахтга америкалик Тодд Боули ўтирди. Трансферлар билан шуғулланган Петр Чех ва Марина Грановская ўз вазифасидан озод этилди. Натижада, Тодднинг ўзи трансфер сиёсатини бошқарадиган бўлди.
Тухел билан биргаликда улар жуда кучли трансфер кампаниясини ўтказишди – «Челси» таркибни кучайтириш учун 250 миллион фунтдан ортиқ маблағ сарфлади.
Рўйхатга назар соламиз:
- 69 млн – Уэсли Фофана;
- 55 млн – Марк Кукурелья;
- 45 млн – Раҳим Стерлинг;
- 32 млн – Калиду Кулибали;
- 20 млн – Карни Чуквуэма;
- 13 млн – Чезаре Касадеи;
- 13 млн – Габриэл Слонина;
- 10 млн – Пьер-Эмерик Обамеянг;
- ижара – Денис Закария;
- бепул – Омари Хатчинсон.
Келинг, Боулининг биринчи трансфер кампанияси натижаларини сарҳисоб қиламиз.
Спорт директорининг йўқлиги
Абрамович ўз вақтида ишни донолик билан бошлаган эди. У футболчиларни сотиб олишда малакали эмаслигини тушунди ва «Манчестер Юнайтед»дан Питер Кеньонни спорт директори лавозимига таклиф қилди.
Кеньон бир нечта ажойиб трансферларни амалга оширди, футболчилар билан шахсан яхши ишлади – масалан, собиқ жамоасидан Арьен Роббенни илиб кетди ва нидерландияликни «Челси» лойиҳаси истиқболли эканига ишонтирди.
Боули спорт директорини ёллашга улгурмади. «Ливерпуль»нинг собиқ мутахассиси Майкл Эдвардс ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо у футболга қайтишни истамади. Шу боис, «Челси» бу лавозимга одам топишни кузга қолдирди. Бу катта хато бўлиши мумкин, чунки трансфер ишларида спорт директорининг роли муҳим. Боули трансфер ойнаси ёпилгунга қадар ҳеч бўлмаганда Грановскаяни қолдириши керак эди. Аммо, афтидан, у эски хўжайинлар давридаги ходимлар билан ишлашни истамади.
Трансфер бозорига кеч кириш
«Челси» трансфер бозорига бошқалардан яққол ортда қолган ҳолда кирди. «Арсенал» Габриэл Жезус трансфери, «Барселона» эса Левандовски ва Кунде трансфери устида ишлаётган бир пайтда, «кўклар» янги раҳбарият билан боғлиқ расмиятчиликлар билан машғул бўлишди. Натижада, «Челси» трансфер бозоридаги пешқадамликни рақибларига қўшқўллаб топширди ва бир неча футболчиларни айнан шу сабабли қўлдан чиқарди.



















