Туркманистон ҳукумати Туркиядан ўз фуқаролари учун вақтинчалик виза режимини жорий этишни сўради. Бу ҳақда Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Туркманистон фуқароларининг Туркия Республикасида бўлиб туриши қоидаларини такомиллаштириш ва тизимли асосда юритиш мақсадида Туркманистон томони Туркияга Туркманистон фуқаролари учун вақтинчалик асосда турли тоифадаги визалар режимини жорий этишни сўраб мурожаат қилди»,— дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, илгари Туркманистон фуқаролари Туркияда туристик мақсадларда 30 кунгача визасиз юриши мумкин эди.