Илёс Юсупов:

— Амалдаги қонунчилигимизда фуқаро қайсидир жиноятда гумонланиб, ушланадиган бўлса, унга қайси ҳуқуқлари тушунтирилиши керак?

— Авваламбор, фуқарога қайси жиноятда гумонланиб ушланаётганини маълум қилиш керак. Иккинчидан, унга ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Улар қуйидагилар: Сиз ўзингизга қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқига эгасиз. Сизнинг адвокатга ёки яқин қариндошга хабар бериш ва адвокат билан холи учрашмагунча кўрсатма бермаслик ҳуқуқингиз бор ва ҳоказо.

— Қонунчиликда белгилаб қўйилган бу қоидалар амалда ишлайдими? Гумонланувчи сифатида тергов органларига иши тушганлардан уларга бу ҳуқуқлар тушунтирилганини эшитмаганмиз. Аксар ҳолларда уларнинг уйидагиларига хабар берилмайди.

— Энди, ҳар бир адвокатнинг иши индивидуал хусусиятга эга. Сабаби ҳар бир ҳолатда шундай бўлган, ҳар бир ҳолатда бундай бўлмаган, деб айтолмаймиз. Бу тизимли эмас. Бу айрим пайтларда кузатиладиган ҳолат.

Баъзан бизга ҳам яқин қариндошлари келиб, акамни ёки укамни фалончи ички ишлар органларига олиб боришгани ҳақида қўнғироқ бўлди. Ўша ерга боришингизни сўраймиз, деб мурожаат қилишади. Бу бор нарса. Табиий ҳол. Лекин сиз айтган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Илёс Юсупов, адвокат

Агар бу жараёнлар электронлаштирилса, инсон омили йўқоладиган бўлса, бу нарса ўз-ўзидан йўқолади. Ушлаган шахсни ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига ҳам шарт қўйиш керакми ёки бодикамера зарурми, яъниким ушланган чоғидан кейинги ҳолатнинг ҳаммаси бодикамерага тушиб борса, ўша ҳуқуқларини тушунтирган ёки тушунтирмаганини инкор қилишини исботлаши мумкин бўлади.

Лекин ҳозир ушланган шахс билан, ушлаган шахс ўртасида бўладиган мулоқотни исботлаб беролмаймиз. У ҳуқуқларини тушунтирдим дейди, бу эса у менга ҳуқуқимни тушунтирмади дейди. Бу иккисининг гапини бир нарса исботлаши мумкин бўлади, у ҳам бўлса видеоёзув.

Зафар Усмонов:

— Ростдан ҳам шунақа ҳолатлар бор. Ушлаган тараф фуқарога ҳуқуқларини мен тушунтирганман дейди, фуқаро эса тушунтирмаган деб айтади. Фуқароларни гумонланувчи сифатида ушлаб келиш ёки қўлга олиш кўпроқ ички ишлар ходимлари, хусусан, жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан амалга оширилади. Ҳамкасбим айтганидай, уларда на бодикамера, на видеоёзувлар бўлмайди. Шу сабаб улар зиммасидаги мажбуриятларга қанчалик риоя этганини билиш имконсиз.