Ўзбекистон | 12:13 / 06.09.2022
18988
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Мактаб ошхоналарида «фастфуд» тайёрлаш ва сотиш тақиқланган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини келтирди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Ҳот-дог, лаваш, гамбургер, «хрустяшки», чипс, энергетик ва газли ичимликлар. Бу бугунги кун болалари ва ҳатто ёшлари севиб истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг кичик бир рўйхати. Бироқ ушбу егулик ва ичимликлар саломатлик учун зиён. Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилади. Қолаверса, бу турдаги маҳсулотлар юртимиздаги умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат ва таомлар рўйхатига киритилган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Жумладан, «Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари»га кўра, қуйидагилар мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин эмас:

  • Гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва ҳот-доглар);
  • Сунъий таъм, ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари;
  • Сунъий консервантлари бўлган «кириешки», «хрустяшки» ва чипслар;
  • Рангли ва рангсиз газланган ичимликлар;
  • Ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ, паррандалар, жигар, тил ва юракдан ташқари барча калла-пойчалар;
  • Ташқи қавати тоза бўлмаган, синган, зарур талабларга жавоб бермайдиган тухумлар.
  • Банкаларнинг герметиклиги бузилган, бомбажли, занглаган, шакли ўзгарган, ёрлиғи бўлмаган ва ишлаб чиқариш вақти ҳамда яроқлилик муддати белгиланмаган консервалар;
  • Турли аралашмалар билан ёки омбордаги зараркунандалар билан зарарланган ёрма, ун, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотлар.
  • Кремли қандолат маҳсулотлари (торт ва пишириқлар).
  • Холодец, парранда ва туёқли ҳайвонлар оёғидан тайёрланган ҳамда калла гўшти рулетлари, ўпка-жигарли ва қондан қилинган колбасалар;
  • Пастеризация қилинмаган (флягадаги) творог, термик ишлов берилмаган, идишда сақланган творог ва қаймоқ, қўлбола қатиқ, эпизоотик нохуш хўжаликлардан олинган, шунингдек, дастлабки ишлов берилмаган ва пастеризация қилинмаган сут ва сут маҳсулотлари, қимиз ва таркибида этанол бўлган (0,5 фоиздан ортиқ) бошқа ачитилган сутли маҳсулотлар;
  • Қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар;
  • Квас;
  • Хом дудланган гўштли гастрономик маҳсулотлар ва колбасалар, шу жумладан, кайнатилган колбаса;
  • Сирка, хантал, хрен, ўткир қалампир (қизил, қора) ва бошқа ўткир зираворлар;
  • Ўткир таъмли соуслар, кетчуплар, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мевалар;
  • Табиий кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи энергетик ичимликлар, алкогол;
  • Пазандалик мойлари, чўчқа ёғи, маргарин ва бошқа гидроген ёғлар;
  • Данакли меваларнинг мағзи, сақич, мева ва резаворлилардан тайёрланган яхна ичимликлар ва морслар (термик ишловсиз);
  • Окрошка ва совуқ шўрвалар, ёғда қовурилган тухум, паштет, гўшт ва творогли қуймоқлар;
  • Тез тайёрланадиган қуруқ озиқ-овқат концентратлари асосидаги биринчи ва иккинчи таомлар мактаб ошхоналарида бўлиши тақиқланади.

Мавзуга оид